21:54 / 05.06.2019
28520

«Ёмғир ёғар...». Шаҳрисабздаги тарихий маҳалла кўчаларига юриб эмас, сузиб кирилмоқда

Жорий йил Ўзбекистонда ёғингарчилик мавсуми анча узоқ давом этди. Баҳор фаслининг апрель-май ойларидан бошланган ёғингарчилик, июнь ойининг илк кунларида ҳам давом этмоқда. «Ўзгидромет» маркази маълумотларига кўра, март ва апрель ойида республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчилик миқдорини ўтган йилларга нисбатан 1,5-2 баробар, айрим ҳудудларда 3 баробаргача кўп бўлди. Ўзбекистон ҳудуди устида жанубда ҳосил бўлган нам ҳаво оқимлари Россиянинг Европа ҳудудидан кириб келган нисбатан совуқ ҳаво оқимлари билан доимий равишда қўшилиб турди. Ҳаво оқимларининг бундай бир-бирига қўшилиши кучли жала ҳосил бўлиши учун қулай шароитлар яратди. Май ойида ойлик ўртача ҳаво ҳарорати апрель ҳароратидан 6-8 даражага юқори бўлди. Бу ойда икки-тўрт марта совуқ ва иссиқ ҳаво оқимлари алмашиниши кузатилди.

Сув тошқинлари вақтида Қамашидаги кўприк бузилди

Ана шу ёғингарчиликлар сабаб Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида сел келиши, марказий кўчаларни сув босиш ҳолати кўп кузатилди. Масалан, куни кеча ёғган ёмғир оқибатида Жиззахдаги маҳаллани сув босган бўлса, Тошкентда аэропорт томидан чакка ўтди. Баҳор ойида юз берган тошқинлар эса аҳолига жиддийгина моддий зиён етказди. Ана шундай ҳолатлар Қашқадарё вилоятининг кўплаб туманларида ҳам юз берди. Масалан, вилоятнинг Қамаши туманида кучли ёмғир ва сел келиши кўприкларни вайрон этган бўлса, Чироқчи туманидаги айрим маҳаллалардаги томорқаларга сув тошиб кирди.

Бу ҳодисаларга асосий сабаб, биринчидан, кучли ёмғир ёғиши ва сел офати бўлса, иккинчидан, мазкур туманларнинг табиий офат хавфи юқори бўлган ҳудудларда жойлашганидадир. Аммо Шаҳрисабз шаҳридаги марказий ва қадимий маҳалла кўчаларини сув босиши, тушунарли бўлса-да, бироз ғалатидек...

Шаҳар ҳудудида жойлашган «Кулоллик» маҳалласи, айтиш мумкинки, шаҳардаги марказий маҳаллалардан бири ҳисобланади. Мазкур маҳаллада жойлашган Қундузак кўчаси, мана, неча йиллардан буён, аниқроғи, кўча бўлганидан бери асфальтлаш, таъмирлаш нималигини кўрмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Оқибатда бу йилги ёғингарчиликлар натижасида кўча юзини чунонам сув қопладики, хонадонлар олди, ҳатто ҳовлилар ҳам сувга ғарқ бўлди.

- Аслида, Шаҳрисабз халқи бирор муаммо юзасидан бирор жойга шикоят ёки мурожаат қилиб кетавермайди. Буни андиша ҳисоблашади, - дейди мазкур кўчада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири. – Аммо пичоқ бориб суякка қадалгач, ноилож қоларкансан киши. Мана шу кўча барпо қилинганига 60 йилдан ошди. Шу пайтгача таъмирланмади, асфальт қилинмади. Оқибати нима бўлди? Шундай тарихий шаҳар ҳудудида жойлашган маҳалла кўчаси аянчли ҳолатга келиб қолди. Ёғингарчилик пайтлари пиёда юришни қўя туринг, ҳатто машинада юриш ҳам машаққатга айланди.

Бизнинг суратга олаётганимизни ва таҳририятдан ташриф буюрганимизни эшитган аёллардан бир гуруҳи ёнимизга яқин келиб, шундай деди: «Шаҳрисабз шаҳри қайта таъмирланиб, янги қиёфага киришини эшитиб, жуда хурсанд бўлгандик. Маҳалламиз кўчалари равон бўлади, тоза ичимлик суви олиб келинади деб, бошимиз осмонга етганди... Аммо орадан шунча вақт ўтибди ҳамки, бу орзулар рўёби ҳеч амалга ошмаяпти. Ўн йиллардан буён ер остидан чиқадиган лойқа ва саломатлик учун зарар бўлган сув ичамиз. Унинг яроқсизлигини биламиз, аммо бошқа иложимиз бўлмагани сабаб, ердан сув қазиб ичамиз. Худди ўрта асрлардагидек. Оқибатда саломатлигимиз кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Бунга ҳам чидаяпмиз. Аммо кўчамизда сув тошиб, ҳовлиларимизгача кириши, деворларимиз ости сувга кўмилиб туриши бизни хавотирга солмоқда. Чунки, Худо кўрсатмасин, бирор фалокат юз берса, нима бўлади?

Моддий зиён кўрсак, уни ким қоплайди?

Қундузак кўчасида истиқомат қилувчиларнинг сўзларига кўра, мазкур кўчанинг юқори қисмида жойлашган ва унга туташ Капкон кўчадан келадиган сув Чилонзор (собиқ Шерозий) кўчасидаги катта ариққа бориб қуйилган ва сув тошиш ҳолатлари кузатилмаган. Аммо айни пайтда сув йўли беркитиб қўйилган ва Капкон кўчадан келадиган сув ўз йўналишини Қундузак кўчага қаратиб, сув тошқинига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, одамларнинг фикрига кўра, маҳалла раиси бу каби ишларда бош-қош бўлиши, муаммоларни ўрганиб, тегишли ташкилотларга ташаббус ва аниқ режа билан чиқиши даркор. Кўчада бўлаётган муаммо юзасидан «Кулоллик» МФЙ раиси Абдуҳакимова Жамиладан изоҳ олишни истадик, бироқ оқсоқолни ҳеч қаерда учратишнинг имкони бўлмади. Ҳатто телефон орқали боғланиш режаси ҳам чиппакка чиқди.

Шундан сўнг, Шаҳрисабз шаҳри ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Обид Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

- Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Амир Темур қалъаси ичидаги маҳаллаларни канализация ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 6 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган. Асфальт ҳам тайёр. Қурувчи билан ҳам шартнома қилинган. У 30 фоиз ишларни ўз ҳисобидан бажаришга ҳам тайёр. Муаммо вилоят «Сувоқова» ташкилотининг Молия вазирлигидан юқорида айтилган маблағни олишида бўляпти. Пул келиб тушмаяпти...

Мутасаддининг сўзларига кўра, муаммо маҳалла ёки туман кесимида ҳал бўлмайди. Шаҳар ҳокимияти маҳалла кўчаларининг канализация ишларини амалга оширишга, тоза сув тортиб келишга ва кўчани тўлиқ таъмирлашга тайёр, барча имкониятлар етарли, фақат Молия вазирлигидан кўрсатилган ва зарур маблағ ажратилса, ишлар бошлаб юборилади.

Бугун умумий гаплардан қочиб, кичик бўлса-да, амалий ҳаракатлар билан натижа кўрсатадиган даврда яшаяпмиз. Бир муаммони аниқлаб, унинг ечимини ижобий ҳал этиш осон бўлмаяпти. Шаҳрисабз дунёга юз тутмоқда, уни билмаган билмоқда, билганлар келиб кўрмоқда. Айтиш мумкинки, шаҳарда қилинган ишлар киши ақлини шоширади, бу эса унинг ортида қанчадан-қанча меҳнат ётганини англатади. Бироқ ҳар бир ислоҳотнинг туб замирида инсон омили, унинг манфаати ётганлигини инобатга оладиган бўлсак, юқорида келтириб ўтганимиз муаммо, уни ҳал этишга арзийди ва бу тезда амалга ошириладиган иш ҳамдир.

Kun.uz мазкур ҳолат юзасидан воқеалар ривожини кузатишда давом этади ва ушбу муаммога дахлдор ҳар бир ташкилот мазкур масалага виждонан ёндашади деб умид қилади.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top