15:20 / 06.06.2019
13544

«Олтин авлод»лар баҳси. Нидерландия vs Англия: Кимнинг ёшлари кучли?

Фото: Reuters

Бу икки терма жамоанинг қарама-қаршилиги кейинги йилларда Европадаги энг асосий тўқнашувга айланиши мумкин.

Миллатлар лигаси. А дивизион. 1/2 финал.
6 июнь. Нидерланди - Англия (Тошкент вақти билан соат 23:45).

Кетма-кет икки марта жаҳон чемпионатида кучли тўртликка кирган терма жамоа кейинги икки йирик турнирни ўтказиб юбориши - инқироз демакдир. Қолаверса, Евро-2016 турнирида иштирокчилар сони оширилиб, 24тага етказилганди. Бу турнирда Албания ва Венгрия каби терма жамоалар иштирок этди, аммо Нидерландия эмас. Бу шунчаки инқироз эмас, туб эди.

Аммо ҳозирги Нидерландия сўнгги 12 учрашувидан фақат 3тасида ютқазди - +5=4-3. Бу ўйинлардаги рақиблар орасида Англия, Португалия, Германия, Франция ва Италия (бу ҳалқадан Словакия ва Беларусь тушиб қолади) каби терма жамоалар ҳам бўлгани ҳисобга олинса - жамоа уйғониш даврини бошдан кечирди, дейиш мумкин. Миллатлар лигасида эса ҳолландлар Франция ва Германияни ортда қолдирган ҳолда гуруҳда биринчи бўлишди.

«Капалак эффекти»
Бундай тарихларга назар ташлар эканмиз, тизимли инқирозлар кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш орқали ҳал қилинганига гувоҳ бўламиз. Мисол сифатида, нолинчи йиллар бошида Германия футболидаги деярли афсонага айланган ўзгаришларни келтириш мумкин.

Аммо Нидерландияда бошқача ҳолат. Болалар ва ўсмирлар футболидаги ҳолат бу ерда ҳамиша мақтовга арзигулик бўлиб келган. Буни айни вақтда «Витесс»да бош мураббий бўлиб ишлаётган россиялик мутахассис Леонид Слуцкийнинг сўзлари ҳам далил бўла олади: «Бу йили 2010 йилда туғилган болалар чақирилди. Арнемда 100 минг киши яшайди. Нима деб ўйлайсиз, «Витесс» кўригига қанча бола келди? 450 нафар! Менимча, бу шаҳарда 2010 йилда туғилган болаларнинг барчаси кўрикка келди-ёв. Барча мактаб ёшидагилар футбол билан шуғулланади ёки футбол мактабларида таҳсил олади. Бу ерда тўрт ёшдан футболга қатнай бошлашади. Мен яшайдиган жой атрофида 6та ҳаваскор жамоа бор. Бу жамоаларнинг турли ёшлардаги жамоаларида минглаб ёшлар футбол билан шуғулланади. Буларнинг барчаси учун давлат тўлайди», деганди мураббий.

Нидерландиянинг асосий термасидаги ҳолат эса бир қарор билан боғлиқ ва бу қарор «капалак эффекти»га олиб келган ва 2017 йил кузида жамоа тушкунлик тубига етган. ЖЧ-2014 дан кейин Луи ван Гаал ўрнига терма жамоа бош мураббийлигини Роналд Куман эгаллаши керак эди. Барчаси амалда келишиб олинганди, аммо охирги дақиқаларда кекса, лекин ширин ва чиройли гапирадиган Гуус Ҳиддинк бош мураббийликка тайинланди. У билан нидерландлар Евро-2016 саралашини муваффақиятсиз бошлади - Чехия ва Исландиядан мағлуб бўлинди. Зудлик билан терма жамоа бошқарувига Данни Блинд олиб келинди, кейин уни Дик Адвокат алмаштирди. 
Аммо барбод бўлиш механизми ишга тушиб бўлганди. ЖЧ-2018 саралашида ҳам муваффақиятсизликка учраган Нидерландия ўртоқлик учрашувларида Шотландия (1:0) ва Руминияни (3:0) мағлуб этди, аммо Адвокат истеъфога чиқарилди. Бу жараён федерация раҳбариятидаги бир қатор амалдорлар ишдан бўшатилиши ва 2018 йил февралида терма жамоа Куманга топширилиши билан якунланди.

Ҳолландча уйғониш

Албатта, Куманнинг омади келди: янги мураббийнинг ихтиёрида «Аякс»нинг ёш юлдузли авлоди тўпланди - Френки де Йонг, Маттейс де Лигт, Донни ван де Бек. Шу билан биргаликда, эътироф этиш керакки, мураббий бу ёшларни таркибга жалб этишда иккиланмади, қолаверса ўйинни қура олди. Куман 2018 йилнинг мартида, Англияга қарши дебют ўйинида де Лигтни терма жамоага чақирди ва уни аввалги ўйинларидаги хатоларига қарамай асосий таркибда туширди (Де Лигт терма жамоада 2017 йилнинг 25 мартида, Болгарияга қарши ўйинда дебют қилганди. Данни Блинд «Аякс»да эндигина икки марта асосий таркибда майдонга тушган футболчини саралашдаги муҳим ўйинда асосий таркибга қўйганди. Аммо ёш футболчининг терма жамоадаги илк ўйини фалокатга айланган, у 5-дақиқада жарима майдонида тўп учун курашда ютқазиб, дарвозабони билан тўқнашиб кетган, Спас Белев гол ураётганда томошабинга айланган, 20-дақиқада эса қанотдан кириб келган Делевни ўтказиб юбориб, иккинчи голда ҳам айбдор бўлганди. Блинд эса уни танаффусда алмаштириб ташлаганди. Бу ҳолат ёш футболчини синдириб қўймади ва кейинги йилларда у ван Дейк билан бирга ҳимоя қўрғонига айланди).

Куманда ван Дейк, Вейналдум ва Депай каби - ҳолланд футболининг аввалги авлодига мансуб бўлган бошқа тажрибали футболчилар ҳам бор. Аммо улар Блинд даврида, юмшоқ қилиб айтганда, терма жамоанинг арзимас мурватлари бўлишган. Худди, ҳозир «Аякс»нинг терма жамоада захирада ўтирадиган вакиллари каби. Қолаверса, Куман Проппер, Вилен ёки Бергвайн каби футболчиларни таркибда ўйната олмоқда.

Бу кўтарилиш даври узоқ вақт сақланиб қоладими? Френки де Йонг ва ван де Бек - 22 ёшда, Де Лигт - 19, ван Дейк - 27, Вейналдум 28, Депай - 25, Промес - 27, Блинд - 29 ёшда. Улар деярли идеал таркиб ҳосил қилишган. Агар бу футболчиларга жароҳатлар ёки фаолиятдаги бошқа нохушликлар халал бермаса, бу банда 2020 йилги Европа чемпионатида ҳам, 2022 йилги жаҳон чемпионатида ҳам катта шов-шув кўтара олишади. Куманнинг федерация билан шартномаси ҳам 2022 йилги мундиал якунига қадар тузилган.

Англия конвейери

Нидерландларнинг янги авлоди ҳақида кўпчилик фақат шу мавсумга келиб билиб олган бўлса, Англия термаси сўнгги йилларда барқарор ўйин кўрсатиб келмоқда ва бу ерда ҳам Бельгиядаги каби «олтин авлод» барча турнирларда асосий фаворитлар қаторида саналмоқда. Бу жамоанинг юқори имкониятлари ҳақида илк бор ЖЧ-2014 арафасида гапирила бошланганди. Ўшанда нуфузли FourFourTwo журнали турнир стартида Уилшер, Уэлбек, Старриж, Баркли ва Стерлинг каби ёш футболчилар тасвирланган муқова билан чиққанди. Лекин аслида улар кейинги тўлқин даракчилари бўла олишди, холос. Улардан уч нафарининг фаолияти жароҳатлар туфайли барбод бўлди, Баркли эса «Эвертон»даги бир ёрқин мавсумдан кейин ўсишдан тўхтаб қолди ва ҳозирда «Челси»нинг захира футболчисига айланган. Фақат Стерлинг ривожланишда давом этиб, ҳақиқий юлдуз даражасига етишди.

Евро-2016 турнирига эса Англия Кейн, Алли ва Рэшфорд каби ёш юлдузлар билан ташриф буюрди. Бразилиядаги мундиалда ҳам, Франциядаги Европа чемпионатида ҳам инглизлар муваффақиятга эриша олишмади, турнирдаги ўйинларда бурчакдан тўп узатиб беришга масъул қилинган ҳужумчи Кейн эса мемга айланди - ҳеч ким нега Ҳожсон бу баланд бўйли ҳужумчини стандарт вазиятда жарима майдонида юқоридан узатиладиган тўп учун курашиш позициясига эмас, стандартни ижро этиш ишига қўйганини тушунмади. Кейн узатган тўплар эса аксар ҳолларда жарима майдонининг қайсидир узоқ чизиғига йўналаверганди. Англия нимчорак финалда Исландияга сенсацион равишда мағлуб бўлиб, Европа чемпионатини тарк этди.

Юлдузлар оқими ниҳоят 2018 йилги жаҳон чемпионатида натижа келтирди, 1990 йилги мундиалдан буён илк марта Англия яримфиналга чиқди - бу жамоада янги номлардан Стоунз, Лингард ва Лофтус-Чик бор эди.

Миллатлар лигасининг финал босқичи учун эса Александр-Арнолд (20 ёш), Чилуэлл (22 ёш), Райс (20 ёш) ва Бундеслиганинг якунланган мавсумини «портлатган» Санчо (ушбу 19 ёшли вундеркинд «гол+пас» тизимида «12+18» кўрсаткичини қайд этди) заявка қилинди.

2017 йил болалари
Бу ерда тизимлилик бор. 2017 йилда Англия U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди ва Европа чемпионати финалида ўйнади; U-19 терма жамоаси Европа чемпионатида ғолиб бўлди; U-20 терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионатида ва Тулондаги нуфузли турнирда тенгсиз бўлди; U-21 терма жамоаси Европа чемпионатида яримфиналгача борди. Бу жамоаларнинг ғалабаларида иштирок этган кўплаб номлар клублардаги фаолияти орқали ҳам мухлисларга таниш - Фоден «Манчестер Сити»нинг асосий таркибида, Мэйтланд-Найлс «Арсенал»да, Кенни, Калверт-Льюин ва Лукман «Эвертон»да жавлон урмоқда. Ёрқин ўйинлари орқали «Челси»дан «Бавария»га ўтиши кутилаётган Ҳадсон-Одои агар жароҳат олмаганида асосий терма жамоанинг асосий футболчисига айланган бўларди.

Уларнинг барчаси қаердан чиқди? Қисқача айтадиган бўлсак, Англия топ-клублари сўнгги ўн йилликда ўз академияларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратишди, бу эса охир-оқибат натижалар бера бошлади. 

Франция чемпионликдан сармаст бўлиб турганида, Хорватия энг муваффақиятли авлоди билан чўққидан қайта бошлаганида, Испания ва Германияда қайта қуриш даври кечаётганида, Португалия эса Роналдуга издош қидириш билан банд бўлганида айнан Англия ва Нидерландия Европа футболидаги энг асосий икки терма жамоага айланди ва бу кейинги йилларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Top