Англиянинг Нортумберленд шаҳридаги Алнвик боғи заҳарли боғ ҳисобланади. Боғда 100 дан ортиқ турдаги заҳарли, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар ўстирилади. Қизиғи, боғ одамлар кириши учун ҳам очиқ ҳисобланади.
Яна боғнинг кириш қисмига "Бу ўсимликлар ўлдириши мумкин" деб ёзиб қўйилган, дарвозаси калла суягини кесиб ўтувчи кўндаланг суяклар билан безатилган. Боғдаги бу белги ҳазил эмас. Алнвик боғи дунёдаги энг заҳарли боғ ҳисобланади. Лекин у ерда эҳтиёткорлик билан исталган одам сайр қилиши мумкин.
Бу заҳарли боғ 2005 йилда ташкил этилган. "Ташриф буюрувчилар боғга киришидан олдин улар хавфсизлик бўйича брифинг билан танишиши керак", дейди боғ гиди Дин Смит. Унинг айтишича, боғда бирор нарсани ушлаш, ҳидлаш ва татиб кўриш тақиқланади. Лекин шунга қарамай боғда шунчаки кетаётган ҳолатда ҳам ўсимликларнинг заҳарли ҳидлари сабаб ҳушдан кетиш ҳолатлари бўлиб туради.
Боғда ўсадиган заҳарли ўтлардан бири бўри ўсимлиги бўлиб, у акотин, нейротоксин ва кардиотоксин каби заҳарли моддалардан иборат. Лекин бу ўсимлик энг ёмони эмас. Энг ёмони ритсин ўсимлиги бўлиб, Гиннес рекордлар китобида ҳам ритсин дунёдаги энг заҳарли ўсимлик сифатида қайд этилган.
Ҳайратланарлиси, боғда Буюк Британия ёввойи табиатида учрайдиган ва осонгина ўстириш мумкин бўлган кўплаб ўсимликлар ҳам рўйхатга олинган. Шундайларидан бири уйларда ҳам ўстириладиган рододендрон бутаси ҳисобланади. Рододендроннинг баргларидаги заҳарли модда истеъмол қилинса, инсоннинг асаб тизимига ҳужум қилади. "Лекин сиз унинг баргларини ея олмайсиз, сабаби жуда бемаза", дейди Смит.

Боғда Буюк Британияда заҳарлилиги бўйича иккинчи ўринда турадиган лабурнум дарахти ҳам ўстирилади. Кўп одамлар бу дарахтни сариқ чиройли гуллари учун ўстиришади, лекин дарахт ўта заҳарли ҳисобланади.

Дарахтнинг заҳарлилиги шунчаликки, агар унинг бирор шохчаси полда ётган ҳолатда бир неча ой қолиб кетса ва шунча вақт ўтиб, ит уни олиб ўйнамоқчи бўлса, бундан кейин итнинг омон қолиши даргумон.
Заҳарли ўсимликлар заҳарини фақат одамлар ва итларга йўналтирмайди. Смитнинг тушунтиришича, масалан, рододендронлар бир-бирига яқин ҳолатда ўсса, улар тупроқни ҳам заҳарлайди. Ва энди ўша ерда фақат рододендрон ўсиши мумкин холос. Агар асалари эксклюзив тарзда фақатгина рододендрондан асал йиғиб олса, унинг асали қизил рангга эга бўлади. Бу асалдан кичик дозада ейиш гиёҳванд модда таъсирини бериши мумкин, кўпроқ дозада ейиш эса ўлимга сабаб бўлиши мумкин.


















