18:00 / 06.06.2019
9731

Вазир: Хорижга ишлашга кетмоқчи бўлганларнинг ўзлари ҳам ҳушёр бўлишлари керак

Фото: KUN.UZ

Хорижий мамлакатларда меҳнат қилиш мақсадида хусусий бандлик агентликларига (ХБА) мурожаат қилаётган фуқароларнинг ўзлари ҳам фирибгарлар ёки бошқа ғаразли кишилар тузоғига тушиб қолмаслик учун ҳушёр ва эҳтиёт бўлишлари лозим. Қолаверса, улар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги лицензиясига эга бўлган фирмалар билан ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқ. Вазирлик раҳбари Шерзод Қудбиев Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Kun.uz мухбирига шуларни маълум қилди. Савол эса қуйидагича бўлган эди:

Хусусий бандлик агентликлари ҳақида. Аксар фирмалар шартнома шартларини бажаришни 4-8 ой сифатида белгилаган. Айтайлик, ғараз ниятли киши ХБА очиб, минг кишидан катта миқдорда пул олди. Хусусан, Германияга юбориш айрим агентликларда 36 млн сўм атрофида, шартнома шартини бажариш муддати 4-8 ой орасида белгиланган. Агентлик раҳбари етти ой ўтгач, маблағларни (1000*36000000=36 млрд сўм) олиб хорижга чиқиб кетди. Бунда фирибгарлик жинояти содир этилган бўлади ва ижтимоий муаммо келиб чиқади. Шу каби ҳолатлар рўй бермаслиги қанчалик кафолатланган?

«Хусусий бандлик агентликлари, фирибгарлик жиноятлари хусусида. Биласизми, бу масалада жуда кўп депутатларимиз билан баҳс-мунозаралар бўлган. Биринчидан, фуқароларнинг ўзлари эҳтиёт бўлишлари керак. Иккинчидан, фақатгина Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган лицензияга эга ташкилот билан ҳамкорлик қилиши лозим. Сайтимизда қайси агентликлар лицензияга эгалигини билиб олиш мумкин. 

Бундан ташқари, лицензия беришдан аввал 50 минг АҚШ доллари (50000 доллар*8485,91=424 млн 295 минг 500 сўм) эквивалентида маблағни марказлаштирамиз ва уни сақлаб турамиз. Мабодо, ХБА юборган фуқаро билан бирор муаммо чиқса, ушбу маблағ орқали масала ҳал этилади. Шу сабабли фуқаролар фаолроқ бўлишса, мингта одамнинг пулини йиғиб хорижга кетиб қолмасданоқ муаммонинг олдини олиш мумкин бўлади. 

Ҳозирча, 2-3та шунга ўхшаш тушунмовчилик кузатилди. Биз ўз вақтида ўша агентликлар раҳбариятини огоҳлантирдик. Улар чора кўришди ва муаммо барҳам топди», - деди Шерзод Қудбиев.

Top