— Фуқароларга харид суммасидан 1 фоиз миқдорида кешбэк тўлаш тизими доимий бўлиб қоладими ёки Солиқ қўмитаси қанчадир вақтдан кейин кешбэк тўлаб беришни тўхтатмоқчими?
— Қўмитанинг позицияси шуки, кешбэк тўлаб бериш узоқ вақт сақланиб қолишига умид қиламиз. Чунки у ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Шу жумладан, кешбэк ва солиқ ҳамкор орқали текширувлар онлайн касса машиналари орқали айланмани 1,6 баробар ошириш имконини берди.
Бу жараён бардавомлигини давом эттиришга имкониятимиз бор. [Йил бошидан то] бугунга келиб 1,1 млнга яқин фуқароларимизга 330 млрд сўм кешбэк тўланди. Бу тизимни давом эттириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
— Кешбэк йиғаётган фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиш, яъни сотиб олаётган маҳсулотлари, харид қобилияти ва вақтига доир маълумотлар тадбиркорларга сотилмайдими? Умуман олганда, фуқароларнинг шахсий маълумотлари қанчалик ҳимояланган?
— Яқинда кўрган бўлсангиз, Telegram'да бир гуруҳ чиқиб, биз Солиқ қўмитаси серверларини бундай қилдик, шахсий маълумотларимиз бор, кешбэк бўйича одамларнинг маълумотларига эга бўлдик, унинг бир қисмини эълон қиляпмиз, деб айтишди. Бу мутлақо нотўғри. Айнан Kun.uz орқали фуқароларимиздан илтимос қилиб сўрар эдимки, ҳар хил гуруҳларга ўзларингизнинг шахсий маълумотларингизни қўйманг. Агар солиқ ҳамкор ва кешбэк бўйича мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, илованинг тепасида ID рақамингиз бор. Шуни ёзиб мурожаат қилишингиз мумкин.
Ҳар бир фуқаро ўзининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши ва очиқ манбаларда уларни сақламасликка ҳаракат қилиши керак. Давлат солиқ органларига сиз солиқ мобил иловаси орқали берган маълумотларингиз тўлиқ хавфсиз сақланади. Биз бир кунда камида 50-60 та Dos ва DDos* ҳужумларини бартараф этамиз. Дунёнинг турли нуқталаридан бу ишни қилишга ҳаракат қилишади.
Қандай қилиб харидлардан 1 фоизлик кешбэк олиш мумкин? | Қўлланма
Президентимиз 16 март куни келганларида биз буни намойиш этганмиз. Бунинг учун махсус гуруҳ 24/7 режимида ишлайди. Айтмоқчиманки, Солиқ қўмитаси серверларига таъсир кўрсатиш – осон иш эмас. Тизимларимиз орқали Солиқ қўмитасига тақдим этилган шахсга доир маълумотлар тўлиқ хавфсиз сақланишига ҳаракат қиляпмиз ва бу бўйича тинимсиз ишлаяпмиз.






