Ўзбекистон | 19:50 / 19.09.2022
13864
3 дақиқада ўқилади

Туризм бўйича видеоселекторда 2 вазирлик ва 2 қўмита раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди

Туризм вазирлиги ва ҳокимларга 2023 йилда камида 7 млн хорижий ҳамда 12 млн ички туристни жалб қилиш топшириғи берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган, ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда туризм вазири Азиз Абдуҳакимов, молия вазири Тимур Ишметов, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ва Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов қатъий огоҳлантирилди.

Мажлисда «дюти фри» ва «такс фри» тизимларини жорий этиш бўйича қарор имзоланганидан 3 йил ўтганига қарамай, бу борада сусткашликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Ушбу тизим 2023 йил 1 январдан тўлиқ ишга тушиши шарт экани айтилди.

Видеоселектор йиғилишида сайёҳлик ташкилотларига қўйилган талабларни соддалаштириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, бугунги кунда меҳмонхона ташкил этиш учун 97 та, «юлдуз» олиш учун эса 138 та талаб мавжуд.

«Агар туризм соҳасида рақобат қилишни истасак, биринчи навбатда, меҳмонхоналар сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур», деди президент.

Меҳмонхоналар ташкил этиш учун талабларни халқаро стандартлар асосида соддалаштириш топширилди. Туристларни ички ишлар идораларида рўйхатга олиш тизими ҳам енгиллаштирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

«Энг ривожланган мамлакатлар ҳам ҳар бир турист учун талашаётган пайтда биздаги ортиқча чекловларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқиш керак», деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан туризм ва ички ишлар вазирларига хорижий туристларни ички ишлар идораларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун рухсат олишдан онлайн хабардор қилиш тартибига ўтказиш топширилди.

Йиғилишда турагентларга лицензия талабини бекор қилиб, хабардор қилиш тартибига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.

Умуман, Туризм вазирлиги ва вилоят ҳокимлари олдига янги имкониятлардан фойдаланиб, 2023 йилда камида 7 миллион хорижий ва 12 миллион ички туристни жалб қилиш топшириғи берилди.

Келгуси йилда туризм экспортини камида 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланди. Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

Мавзуга оид