Президент 21 майни Ўзбекистон кутубхоначилари куни деб белгилашни таклиф қилди
7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Қарорда Республикада ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий умумжаҳон тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан таъминлаш, кутубхона соҳасида давлат-хусусий шерикликни, хусусий ва электрон (виртуал) кутубхоналар тармоғини ривожлантириш, кутубхоналар фаолиятининг самарадорлигини ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш (шу жумладан, пулли хизмат кўрсатиш) тезкорлигини ошириш учун электрон китобларни тарқатиш, интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ахборот-кутубхона муассасалари хавфсизлигини ҳамда миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида ахборот-кутубхона фондлари сақланишини таъминлаш, жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишни кучайтириш, ўқиш маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш ҳамда ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш белгиланди.
Мазкур қарорда 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси, соҳани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс марказининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига тегишли вазирлик, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Миллий кутубхона қошида 186та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказини ташкил этиш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш учун сифат жиҳатидан янги ва қулай шарт-шароит яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида уларнинг илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш усули сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, фойдаланувчиларга ҳар қандай ташувчиларда (босма, мультимедиа ва рақамли), шу жумладан Интернет тармоғи ёрдамида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, ўзининг ахборот-ресурсларини яратиш ва уларни доимий тўлдириб бориш орқали китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш ва аҳолига масофадан ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни ривожлантириш ва модернизация қилиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Мазкур қарорга мувофиқ кутубхона соҳасида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш асосида турдош олий ўқув юртларига “Кутубхона-ахборот фаолияти” йўналиши бўйича ўқишга қабул квоталари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шу жумладан ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналарни ташкил қилиш (такомиллаштириш), идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини ва моддий техника базасини яратиш, янгилаш ва тўлдириш учун давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш белгиланди. Идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини янгилаш ва тўлдириш учун зарур нашрлар рўйхатини ҳар йили шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги зиммасига юклатилди.
Республикамизда 21 май Кутубхоначилар куни деб белгиланиб, бунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш белгиланди.