16:52 / 10.06.2019
18849

Тошкент аэропорти ноқонуний таксичилардан тозаланди: 40дан ортиқ автомобиль жарима майдонига олиб кирилди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ИИББ пойтахт халқаро аэропортидан чиқишда ўз хизматларини таклиф қилаётган ва амалдагидан қарийб уч баравар кўп ҳақ сўраётган ноқонуний таксичилар билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганлигини билдирди.  

ИИББнинг билдиришича, солиқ идоралари ҳамда Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда аэропортнинг автотранспорт воситалари учун ажратилган ҳудудида лицензиясиз фаолият олиб бораётган такси ҳайдовчиларини аниқлаш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. 
 
«Биргина 17 майдан 1 июнгача бўлган муддат ичида 50 нафар ана шундай хусусий такси ҳайдовчиси аниқланди. Уларнинг 24 нафари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси асосида жавобгарликка тортилди, қолган 26 нафар таксичи билан тушунтириш ишлари олиб борилди, 42 та автомобиль жарима майдонига жойлаштирилди», - дейилади ИИББ матбуот хизмати хабарида.

Аммо пойтахт ИИББга келиб тушаётган маълумотларга қараганда, ноқонуний таксичилар ҳуқуқ-тартибот идораларини алдашнинг турли йўлларини ўйлаб топмоқда. Масалан, таксичилик қилмаслигини, балки дўсти ё қариндошини кутаётганини айтиши мумкин. Ёки аэропортдан чиқишга ўзига қарашли одамни юбориб, ўзлари бир четда машинасида кутиб туриши мумкин.

ИИББ йўловчилардан пойтахт халқаро аэропортига учиб келганда ўз хизматларини мажбуран таклиф қилаётган таксичилар ҳақида хабар бериш, иложи бўлса, уларни суратга туширишни сўраган.

Top