11:40 / 13.06.2019
19063

Митинглар, йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида «Фуқароларнинг митинглари, йиғилишлари ва намойишлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган лойиҳа рус тилида эълон қилинган.

Лойиҳага мувофиқ, митинг, йиғин ва намойишлар очиқ, ошкора ва тинч асосда ўтказилиши, унда иштирок этиш ихтиёрий бўлиши лозим. Ушбу тадбирларда конституцион тузумни ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш, шунингдек давлат органларини таҳқирлаш тақиқланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишларни 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишлари мумкин. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки наркологик муассасалар рўйхатида турадиган, озодликдан маҳрум этилган шахслар, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ташкилотчилик қила олмайди.

Митинг, йиғилиш ва намойишларда фақатгина 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок эта олади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар вақтида иштирокчилар жамоат тартиби ва тадбир регалментига (вақтига) риоя этишлари, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг қонуний талабларини бажаришлари, ниқоб ва бошқа улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи воситалардан фойдаланмасликлари шарт.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун мажбурий тартибда рухсат олиш лозим. Ариза жойлардаги ижро ҳокимияти органига ёзма ёки электрон шаклда ижтимоий фаоллик ўтказилишигача 30 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар фақатгина ижро ҳокимияти органи томонидан ажратилган махсус жойларда ўтказилади. Маъмурий бинолар, чет эл элчихоналари ва халқаро ташкилотлар биносига 500 метр масофада митинг, йиғилиш ва намойишлар учун жой ажратиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат 10:00 дан 17:00 гача вақт оралиғида ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, режалаштирилган ижтимоий фаоллик ўтказилишига уч кун қолгандан фуқаролар ўртасида, жумладан ОАВ, озғаки чақириқ ва эълонлардан фойдаланган ҳолда дастлабки ташвиқотларни ўтказишга рухсат берилади.

Қонун сиёсий партиялар, жамоат ва диний ташкилотлар томонидан ўтказилувчи митинглар, йиғин ва намойишларга тааллуқли эмас.

Муҳокамалар 27 июнгача давом этади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.

Top