17:00 / 13.06.2019
23650

Россия Олий суди судьяси Навоийнинг судья қандай бўлишига оид сўзларини келтирди

Бугун, 13 июнь куни Тошкентда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий судлов тизими: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция анжуманлари бошланди. Ушбу конференция икки кун давом этади.

Конференциянинг биринчи куни Интерконтинентал меҳмонхонасида ўтказилди. Анжуманда Олий суд ва қуйи судлар судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Адвокатлар палатаси, академия ҳамжамият вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси, Австрия Республикаси, Арманистон, Беларусь Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Испания Қироллиги, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Франция, Украина, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШдан экспертлар иштирок этди.

Йиғилишнинг кириш қисмида модераторликни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бажарди. Кириш сўзидан сўнг Олий суд раиси Козимжон Комилов олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни йиғилган қатнашчиларга таништириб ўтди.

«Ўзбекистон ривожланишдаги 16 мақсаддан келиб чиқиб, қонун устуворлигига кўмаклашиш, ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборатдир. Ўтган йил Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича бутун дунё Декларациясининг 70-йиллигига бағишлаб ўтказилган Осиё форуми якуний натижаларини амалга татбиқ этиш учун ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» талабидан келиб чиқиб бажарилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Туб ислоҳотлар натижасида Олий суд ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилди. 71та туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилди. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлар ва маъмурий жавобгарликларни кўриб чиқувчи маъмурий судлар ташкил этилди. Жами 213та маъмурий судлар ташкил этилди», дейди Олий суд раиси.

Ўз номи билан халқаро анжуманда халқаро экспертлардан Матильда Димовска (БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили), Ханс-Ульрих Им (ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б.), Гарри Робинс (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори) сўзга чиқди.

Асосий ялпи мажлисга эса модераторликни Дэйна Биган (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID)/Марказий Осиё демократия, бошқарув ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича етакчи мутахассиси) амалга оширди.

Аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов нутқ сўзлади. Шундан сўнг, Россия Федерацияси Олий суди судьяси Юрий Иваненкога сўз берилди.

«Атоқли шоир Алишер Навоий судья (қози) шахсига нисбатан шундай фикрни айтган: «Судьянинг юраги маънан тоза, унинг тафаккури эса аниқ билимларга таяниши керак. Унинг юраги шахсий манфаатлардан холи, ўзидан иккиюзламачиликни соқит қилган бўлиши лозим. У ҳар бир инсонни одил тарзда суд қилиш лозим». Менинг фикримга кўра, шоирнинг фикрлари одил судловнинг замонавий стандартларини ўзида акс эттирган», дейди Россия Олий суди судьяси.

Шундан сўнг, «Маъмурий судларда иш юритиш – оммавий бошқарувни янгилашнинг асосий шарти сифатида» мавзусида Ўзбекистон юридик университет ректори Есемурат Каньязов нутқ сўзлади.

Халқаро экспертлардан Ларс Брокер (Олий маъмурий суд Президенти ва Райланд-Пфальц федерал ерининг Конституциявий суди президенти) ва Доктор Эва Вендлер (Европанинг маъмурий ишлар бўйича судьялар ассоциацияси вакили) маърузалар қилишди.

Муҳокамалардан сўнг, йиғилишнинг секцияларга бўлиниб муҳокама жарёни бошланди. Биринчи секцияда - Суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва маъмурий ислоҳот: вазифалар, солиштирув, муаммолар, истиқболлар ва кутилаётган натижалар муҳокама қилинмоқда. Иккинчи секцияда - Маъмурий судлар тизими бўйича халқаро экспертлар билан муҳокама қилинди.

Биринчи секцияда Николай Саванович - Беларусь Республикаси;

Штефан Ханиш - Европа университетлараро координатори;

Шарль Тубуль - Франция Республикаси;

Айбек Давлетов - Қирғиз Республикаси Олий суди судьяси муҳокамаларда иштирок этишди.

Иккинчи секцияда Нуржан Жолдасбеков - Қозоғистон Республикаси Олий суди судьяси;

Бегенч Хожамкулиев - Туркманистон Олий суди судьяси;

Шербек Инамжанов - маъмурий ишлар бўйича Олмазор тумани судьяси;

Франциско Кордона - юрист ва Испаниянинг давлат бошқаруви масалалари бўйича халқаро эксперти;

Тибуа Феликс - Франция Республикаси Давлат Кенгашининг вакили иштирок этди.

Top