20:10 / 14.06.2019
7821

Бош прокуратура: Вояга етмаганлар ҳуқуқларини бузган 5200дан ортиқ мансабдор шахс жавобгарликка тортилди

Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига доир қонунлар ижросини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун 2019 йил январь-февраль ойларида 5204 мансабдор шахсга нисбатан интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарлик қўлланилган. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.   

Унинг сўзларига кўра, «вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижросини таъминлаш борасида прокуратура органлари томонидан 888та текшириш ўтказилиб, 4471та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. 5204 мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 18та жиноят иши қўзғатилди».

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни ижроси ўрганилганда, 3016 нафар етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар аниқланиб, бунинг натижасида 701та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. 265 шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, 2та жиноят иши қўзғатилган».

Шунингдек, «вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик аҳволи таҳлил қилиниб, Бош прокурор номидан Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирларига тақдимномалар киритилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланган. Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларининг олдини олиш юзасидан таълим муассасаларининг педагог ва психологлари учун методик қўлланмалар тайёрланган». 

Top