Ўзбекистон | 12:51 / 03.01.2023
5131
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ИҲТ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарлари 1-йиғилишида иштирок этди

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарлари биринчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Йиғилишга Саудия Арабистони Назорат ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Мазин бин Иброҳим бин Муҳаммад ал-Каҳмус раислик қилди. У ўз нутқида ушбу йиғилиш ИҲТнинг коррупцияга, жиноий даромадларни легаллаштириш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади. Муҳаммад ал-Каҳмуснинг айтишича, ушбу йиғилиш доирасида  «Макка конвенциясининг« қабул қилиниши мусулмон давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида ушбу йиғилишнинг аҳамиятини қайд этишгани баробарида, «Макка конвенцияси» ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиб беришини таъкидлади.

Тадбир доирасида «Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорлик» ва «ИҲТ аъзо давлатларининг коррупцияга қарши курашиш қонунлари ижросини таъминлаш йўлида Макка конвенциясининг қабул қилиниши» мавзуларида семинарлар ҳам ташкил этилди.

Иштирокчилар «ИҲТ аъзо давлатлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Макка конвенцияси» лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатни қабул қилиш учун ИҲТ ТИВ кенгаши навбатдаги йиғилишига тақдим этиш тавсия қилинди.

Йиғилиш сўнгида ИҲТ аъзо давлатларининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича мутасадди ташкилотлари раҳбарлари даражасидаги учрашувни ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид