17:40 / 14.06.2019
14802

Рейган ва Тетчерга маслаҳатчи бўлган иқтисодчидан қимматли сабоқлар: Катта солиқ юки ғазнани тўлдирмайди

13-14 июнь кунлари Тошкент шаҳрида VI «Марказий Осиё, Мўғулистон, Кавказ ва Афғонистон» минтақавий форуми ( CAMCA - қисқартма инглизчадан) бўлиб ўтди. Форум минтақада ва унинг ташқарисида нуфузга эга бўлган турли соҳа вакиллари, ёш етакчилар ва илғор экспертлар билан КАМКА минтақасида содир бўлаётган жараёнларни яхшироқ тушуниш учун фикр алмашиш бўйича ноёб имкониятни тақдим этади.

Тошкентда ўтаётган форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган доктор Артур Лаффер давлат бошқаруви соҳаси мутахассиси Азиза Умарова саволларига жавоб бериб, солиқ сиёсати бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

 —  Ҳақиқатан, агар ҳукумат солиқ ставкаларни пасайтириб, юкни камайтирса-ю, солиқ базаси кенгаймай, бюджетга тушум кўпаймаса, нима бўлади?

Тамакига қўйилган солиқ, асосан, аҳоли саломатлигини сақлашдан келиб чиқиб, ўрнатилади. Хавфсиз йўлларни барпо этишда тезликни оширмаслик учун жарима қўлланади.

Лекин нега даромади паст бўлган аҳоли катта миқдордаги солиққа тортилиши керак? Нега иш ўрни яратиб, арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқараётган компания кўпроқ солиқ тўлаши керак? Биз эндиликда сифатсиз ва қиммат маҳсулот ишлаб чиқариб, иш ўрнини қисқартириши учун уларни солиққа тортмаймиз.

Юқорида айтганимдек, тамаки учун қўйилган солиқ ҳам ғазнани тўлдириш учун белгиланмаган, жарималар бюджетни тўлдирмайди. Корхоналарга катта солиқ солиб, тушум ўсишини ҳам кутиш мумкин эмас.

Ислом атоқли олими Ибн Ҳалдун ўзининг «Муқадимма» асарида шундай дейди:

 «Сулолалар тарихининг аввалида солиқ юки кам бўлган, ғазна эса тўлиб тошган. Ҳокимият инқирозга юз тутган даврга келиб, солиқ юки катта, ғазна эса бўм-бўш эди».

Ривожланаётган давлатлар ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташласин, унинг бугунги кундаги амалиётига эмас.

Солиқ юки камайтирилиши солиқ тўловчилар сони ортишига олиб келади. Яъни даромад паст инсон ҳам солиқ тўлашга қурби етади, солиқ базаси кенгаяди, иқтисодиётда фаол бўлган жамият аъзолари кўпаяди. Ставканинг оширилиши кутилмаган салбий оқибатларга сабабчи бўлади.

Масалан, кучукни тепсангиз у қочиб кетади, қаерга кетиши эса номаълум. Агар уни парвариш қилсангиз, энди кучукнинг қаерда бўлишини албатта биласиз. Катта солиқ юки ҳам бир нарсадан мужда беради: даромадларни яшириш лозим. Жамият шу ўй билан иш бошлайди ва фаолиятини давом эттиради.

—  Давлат тасарруфидаги корхона ва ишлаб чиқариш компанияларини хусусийлаштириш масаласига нима дейсиз? Уни амалга оширишда ёдда сақлаш лозим бўлган танқидий омил нимада? Шундай шароитда бюджетга тушум камайиб кетмаслиги кафолати сақланиб қоладими?

—  Давлат тасарруфидаги корхоналари ҳақиқатан  давлат тасарруфидаги сифатида номига муносиб бўлиши керак. Улар мудофаа, таълим, соғлиқни сақлаш каби масалаларда фаолият олиб борувчи бирликлар бўлса, бизнес ҳукумат қарамоғидан узоқроқда бўлиши лозим. Ҳукумат ўзи билган ишни яхшироқ қилишига имконият бўлиши лозим. Одатда у бизнес билан шуғулланмайди, темир йўллар, қишлоқ хўжалиги, авиакомпаниялар хусусий қўлга ўтиши лозим. Ишонинг, давлат бизнесни самарали бошқара олмайди. 

Мисол учун, Туркия мамлакатда хусусийлаштириш жараёнини анча аввал бошлаганди, 2008-2016 йиллар оралиғида бу ишлар янада жадал давом этди. Уларнинг ҳаво йўллар компанияси фаолиятини таҳлил этсангиз, давлат тасарруфидаги анча-мунча компаниядан кўра самарали ва даромадли эканига амин бўласиз. Менимча, булар тушумларнинг камайиб кетишига сабаб бўлмайди.

Маълумот учун, Артур Лаффер АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган ва Буюк Британия собиқ Бош вазири Маргарет Тетчер хонимга маслаҳатчи бўлган. Унинг номи билан аталувчи Лаффер эффекти эса иқтисодиётда солиқларни камайтириш орқали солиқ тушумини кўпайтириш ҳолатига нисбатан ишлатилади. У «Жаҳон инфляция феноменни» ва «Солиқлардан қочишнинг иқтисодий назарияси» каби қимматли асарлар муаллифидир.

Top