18:45 / 27.06.2019
20075

Вазир: «Силикон водийсидек «данғиллама» технологик марказлар ҳозирча бизга керак эмас»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ҳозирча Ўзбекистонга жаҳон миқёсидаги қимматбаҳо илмий-технологик платформалар зарур эмас, бунинг ўрнига мамлакатдаги олий таълим муассасаларида технопарклар ташкил этишга эътибор қаратилади.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 26 июнь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида шу ҳақда гапириб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«АҚШда Силикон водийси бор. Ёки [Москвада] Сколково технопарки бор. Бу кабилар бизга ҳам керакми, деган саволни мен ҳам кўп қўйганман. Бундай даражадаги катта «роскошь» [ҳашамат] бизга ҳозирча керак эмас. Албатта, келажакда уларга ҳам келамиз», – деди вазир.

Абдураҳмоновга кўра, вазирлик айни пайтда ОТМлар ичида технопарклар яратиш йўлида иш олиб бормоқда.

«Шунинг учун Миллий университет билан ҳамкорликда NAPA технопаркини таъсис этамиз. Информацион технологиялар соҳасида бизда NAPA технопарки бўлади. Сентябргача ишга тушира олмасак ҳам, асосини қўйдик.

Хоразмда Урганч давлат университети билан Хоразм технопаркини ишга туширяпмиз. Мақсадимиз – университетларнинг ичида технопарклар қуриш», – деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг учта университетида форсайт марказлари иш бошлаш арафасида.

«Қарорларимиз тайёр. Иқтисодиёт, техника ва миллий университетларида форсайт марказлари очилади», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, май ойида вазирлик «NAPA Team» билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида резидентларга максимал даражада қулай шароит яратиладиган, технологиялар трансферини амалга оширувчи лойиҳалар ва компаниялар учун мақбул майдон бўлиб хизмат қиладиган NAPA технопаркини таъсис этиш бўйича инвестицион лойиҳани ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эди.

NAPA технопаркининг яратилиши ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар сонини кўпайтириш орқали илм-фан ва таълимнинг ривожланишини рағбатлантирилишига таъсир кўрсатади, шунингдек ахборот технологиялари соҳасидаги юқори малакали кадрларнинг хорижга кетиб қолишини тўхтатиб, АТ соҳасидаги юқори технологияли мутахассисларнинг мамлакатга келишига туртки беради.

Top