17:10 / 28.06.2019
6725

Ўзбекистон маҳсулотлари Гуанчжоу шаҳридаги Халқаро Мевалар кўргазмасида намойиш этилмоқда

Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Хитой Импорт-экспорт кўргазма мажмуасида “Fruit Expo 2019” Халқаро Мевалар кўргазмаси куни кеча ўз ишини бошлади.

Ушбу кўргазмада Чили, Перу, Эквадор, Буюк Британия, Индонезия, Таиланд, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам каби мамлакатлардан 12 минг кв.метр майдонда 200 дан ортиқ экспонатларда дунёнинг сархил мевалари намойиш этилди. Хитойнинг истеъмол бозори улкан, бу давлатнинг ўзида жуда кўп мевалар етиштирилишига қарамай импортга эҳтиёжи жуда катта.

Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Қолаверса Ўзбекистон ва Хитой – ҳар томонлама стратегик шериклар. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу йил Хитойга бўлган ташрифлари давомида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувда товар айирбошлашни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинган, ўзаро савдони оширишда икки томон манфаатдорлиги билдирилган. Шунингдек Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл" дастурини кенг кўламда амалга оширилишига амалий ҳисса қўшишга тайёр экани таъкидланган.

Юқори даражадаги бу ташаббуслар юртимиз тадбиркорларига экспортни янада ривожлантиришларига туртки бўлмоқда. Бунга мисол, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ республикасидаги элчихонасининг амалий кўмаги билан юртимизда тез суратларда ўсиб келаёган “New Way Caravan Gardens” экспорт компанияси асосчиси хам илк бора иштирок этмоқда. Компания стендида асосан Хитой бозорига қизиқ ва талаб ошиб борилаётган махсулотлар, яъни ўзимизнинг гилос, қовун, узум, турли хил қуруқ мевалар ва ёнғоқлар таклиф этилди.

Маълумот учун: Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистондан Хитойга экспорти учун икки томонлама келишув фақатгина гилос ва мошга имзоланган. Хитой божхонасининг ички иш жараёнлари якунланиши биланоқ шу ойларда ўзбек қовунига хам рухсат олинади. Қуруқ меваларга баённома имзоланиши талаб этилмайди. Бу борада Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси Хитойнинг Бош Божхона Бошқармаси билан жиддий иш олиб бормоқдалар.

Барчамиз биламизки Ўзбекистоннинг мевалари ўзининг табийлиги ва бетакрор мазаси билан дунёда танилган. Шунинг учун, ярмарка давомида Ўзбекистон стендидан харидорлар аримаябди. Бирин-кетин икки томонлама музокаралар олиб борилиб харидорлар қизиққан саволларга жавоблар олмоқдалар.

Элчихона ходимлари томонидан маҳсулотларнинг сифати, маркировкаси бўйича берилган саволлардан ташқари, божхона харажатлари, қадоқларга керакли дизайн ва энг асосийси логистика харажатлари бўйича қизитирган саволларга жавоб берилмоқда.

Кўргазма давомида параллел равишда “Жаҳон мева саноати» форуми ташкил этилди. Сўзга чиққувчилар қаторида “New Way Caravan Gardens” асосчиси Жамшид Абдуллаев ҳам таклиф этилган ва у “Ўзбекистон ва Хитой: Ипак Йўли сари” мавзусида тақдимот қилди. Энг аввало икки мамлакатларнинг манфаатдор иқтисодий алоқалари айтиб ўтилди. Ўзбекистон сархил мевалари дунёнинг 80 мамлакатига экспорти амалга оширилиб борилаётгани, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича жаҳондаги эгаллаган ўринлари: Гилос 5, ўрик 4, олхўри 7, шафтоли 9 ва бошқалар айтиб ўтилди. Энг асосийси Ўзбекистонда етиштирилган мевалар сифати аллақачон юқори технологик асбоб-ускуналар воситасида назорат этилиб, замон талабига мос равишда қадоқлаб, ўз вақтида харидорларга етказиб берилаётганлиги етказилди.

Маълумот: Гуанчжоу Жануби-Шарқий осиёнинг энг йирик мева савдо марказларидан бири ҳисобланади. Йирик қўшни шаҳарлар бўлмиш Шенчжень, Гонконг, Шанхай савдогарлари маҳсулоталарнинг сифатига жуда қаттиқ эътибор беришади.

Энг муҳими барча кўргазма иштирокчилари намойиш этилган тақдимотдан таъсирланиб, Ўзбекистон бу кунда Хитойга сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигини англадилар, ишонч ҳосил қилдилар ва ишлашга тайёрлигини билдирдилар.

Кўргазма ўз ишини давом эттирмоқда. Ҳозирданоқ айтиш мумкинки, иштирокчиларда катта таассуротлар қолдираётган Ўзбекистон маҳсулотлари катта шартномалар, бунинг ортидан юртимизга кирадиган йирик инвестицияларга туртки бўлади.

Акмалхон Олимхонов,
Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси.

Top