17:40 / 30.06.2019
12649

Самарқанднинг тарихий ҳудудида кўп қаватли бинолар қурилиши режалаштирилмоқда. «Юксалиш» ҳаракати муносабат билдирди

«Юксалиш» ҳаракати Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий қисмида режалаштирилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари юзасидан муносабат билдирди.

«Шу кунларда интернет тармоғида Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бунга эса шаҳарнинг тарихий марказида барпо этилаётган кўп қаватли янги бинолар маданий қийматга эга тарихий обидаларга зарар етказаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Шу муносабат билан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари масалани яқиндан ўрганиш мақсадида 28 июнь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган ҳудудда вилоят ҳокимлиги вакиллари билан учрашув ташкил этилиб, режалаштирилаётган бино лойиҳалари кўздан кечирилди.

Жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси арафасида тайёрланган ҳисоботида кўрсатилган тарихий объектлар, жумладан шаҳарнинг тарихий қисмига туташ ҳудудлар — Намозгоҳ жоме масжиди атрофи, Ибн Сино кўчаси бўйлаб бинолар, «Registon Plaza» меҳмонхонаси, «Афросиёб» меҳмонхонаси каби қатор бино ва ҳудудлар бориб кўрилди. 

Маълум бўлишича, бугунги кунда ушбу объектларда ҳеч қандай қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланмаган. Шундай бўлсада шаҳар ҳокимияти томонидан ушбу ҳудудларда ҳақиқатдан ҳам кўп қаватли янги бинолар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, учрашувда ҳокимлик ЮНЕСКОнинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошламаслиги айтиб ўтилди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари вазиятни ўрганиш жараёнида бу каби тушунмовчилик масъулларнинг режалаштирилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида тўлиқ маълумотларни ЮНЕСКОга ўз вақтида тақдим этмаганликлари фонида юзага келган, деб ҳисоблайди. Шунингдек, ушбу масала жорий йилнинг 30 июнь — 10 июль кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси давомида барча томонлар иштирокида муҳокама қилиниб, умумий ечим ишлаб чиқилишига умид билдиради», дейилади ҳаракат баёнотида.

Бундан аввалроқ Kun.uz нашрида «Наҳотки Самарқандни бой бериб қўйсак: Кўҳна шаҳар қурилишлар туфайли ЮНЕСКО рўйхатидан тушиб қолиши мумкин» сарлавҳали материал эълон қилганди. 

Top