Жамият | 13:30 / 30.06.2019
19251
3 дақиқада ўқилади

Ёш шоира Зилола Шомуродовага Президент совғалари топширилди 

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Нурафшон шаҳри Ёшлар марказида тадбир бўлиб ўтди. Унда ёш шоира Зилола Шомуродовага Президент совғалари топширилди. 

Зилола Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 35-мактабнинг 5-синфида ўқийди. 2017 йилда унинг “Онажонимга совға” номли биринчи китоби чоп этилган. Шоира қиз “Камалак юлдузлари” танловининг туман ва вилоят босқичлари ғолиби бўлган. “Ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланма олган.

Зилола яқинда юртимиз ҳақида шеър ва самимий тилаклари билдирилган хат ёзиб, Президент Шавкат Мирзиёев номига йўллади. Кўп ўтмай, давлатимиз раҳбаридан Зилола Шомуродовага жавоб хати келди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов мазкур хатни ўқиб эшиттирди. Президентнинг ёш шоирага йўллаган мактубида шундай жумлалар бор:

“Мурғак юрагингда шу юртга дахлдорлик, чинакам ватанпарварлик, чексиз садоқат ва муҳаббат туйғулари жўш уриб турганини ҳис қилиб, жуда мамнун бўлдим.

Она Ватанимизнинг ишончини оқлаш, халқ хизматига ҳамиша шай туришни олий мақсад билиб вояга етаётган, шу йўлда тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганиб, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган болаларимиз халқимизнинг фахри-ифтихоридир.

Сен каби минг-минглаб фарзандларимнинг бахтини мен ўзимнинг бахтим, деб биламан”.

Бу мамлакатимизда ҳар бир инсон, ҳар бир мурожаат эътиборда эканининг яна бир исботи бўлди. Президентимиз мактуби шоира қизга, оиласига катта хурсандчилик бағишлади. 

Зилоланинг отаси Музаффар Раҳимов устачилик билан шуғулланади, онаси Лобар Қўчқорова уй бекаси. 

– Уч нафар фарзандим бор. Қизим Зилоланинг китобини президентимизга юборганимизда биз оддий мактаб ўқувчисининг мурожаатига давлат раҳбари томонидан бундай катта эътибор қаратилишини кутмаган эдик. Муҳтарам Президентимизнинг хати ҳаммамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, бошимиз осмонга етди. Бу оиламиз учун энг қадрли хат бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбарининг хати, қимматбаҳо совғаси қизимни ҳам, бошқа болаларни ҳам келгусида астойдил ўқишга руҳлантиради, – деди Зилоланинг онаси. 

Зилола каби болаларнинг ижодга, адабиётга қизиқиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус, китобхонлик учун яратилаётган шароитлар натижасидир. Бундай имкониятлар самарасида бошқа соҳаларда ҳам ёшларнинг истеъдод ва қобилиятлари юзага чиқаверади.

Мавзуга оид