23:55 / 01.07.2019
36505

Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш

Шу йилнинг 13 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси учун тарифларни шакллантиришнинг янги тартиби кучга киради.

Мақолада, айнан шу кутилаётган ислоҳот тўғрисида фикрлашамиз.

Аввало, бугунги кундаги электр энергияси тарифлари тўғрисида. Ўзбекистон жаҳонда электр энергиясини истеъмолчига етказиб бериш нархлари арзон (2,9 цент) мамлакатлар қаторига киради (қиёслаш учун, Германияда 33 цент, Японияда 22 цент, Хитойда 8 цент атрофида). Аммо узоқ муддат сунъий равишда энергия ресурсларининг нисбатан арзон тарифларини сақлаб туриш соҳа ривожи учун кўплаб зарарли оқибатларни келтириб чиқаради. Энергия ишлаб чиқарувчилари тизимли равишда молиявий зиён кўриб ишлайди, мамлакатда энергия сарфи асоссиз равишда ошиб боради, субсидиялар ҳисобига давлат бюджетида тешик юзага келади ҳамда энергетика тармоғини технологик янгилаш ва модернизация қилиш жуда қимматга тушади ва деярли имконсиз вазифага айланиб қолади.

Президент Шавкат Мирзиёев сенатнинг 20-ялпи мажлисида қилган маърузасида электр энергияси нархларини либераллаштириш зарурияти тўғрисида тўхталиб ўтган эди.

Электр энергия нархини либераллаштириш унинг нархини давлат иштирокисиз, эркин бозор муносабатлари асосида шаклланишини билдиради. Яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар, аввало ўзининг сарф-харажатлари ва бозордаги талаб асосида нарх белгилайди. Тўғри, бу бошиданоқ талаб-таклифнинг мукаммал муносабатлари акс этган мутлақ эркин бозор бўладими-йўқми, билмаймиз.Чунки маълум муддат давомида барча энергия ишлаб чиқарувчиларни бирдек қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро мувофиқлаштирилган тарифлар ўрнатилиши мумкин. Лекин мақсад фақат нархни ошириш бўлиб қолмаслиги ва соҳада соф рақобатга асосланган эркин бозор муносабатларини шакллантириш лозим.

Кутилаётган ислоҳот бизга нима беради?

1. Соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш

Электр энергетика саноатининг ўзига хосликларидан бири шуки, у йирик ҳажмли капитал харажатларни (CAPEX) талаб этади. Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотини давлат томонидан жиловланган нархларда сотиши оқибатида зарар кўриб ишлайди. Табиийки, ҳеч қайси инвестор ўз маблағини бундай молиявий зарар келтирувчи, истиқболсиз лойиҳаларга тикмайди. Шунингдек, Халқаро валюта фонди ёки жаҳон Банки каби йирик халқаро молия ташкилотлари ҳам кредитлар ажратиш учун давлат раҳбариятидан мувозанатли бюджет шакллантиришни талаб қилади. Тизимли равишда давлат субсидиялари асосида фаолият юритувчи секторлар мавжудлиги аксарият ҳолларда мамлакат номутаносиб бюджетга эгалигини кўрсатади.

2. Электр энергия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш

Нархларнинг эркинлаштирилиши электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарни истеъмолчи учун курашишга, бозорда ўз ўрнини эгаллашга, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш орқали истеъмолчига етказиб берилаётган маҳсулот нархини янада туширишга ундайди. Бозорда кўмир, табиий газ, гидроэнергия, шамол ва бошқа турдаги бирламчи энергия манбаларидан фойдаланувчи турли электр станциялари орасида ҳам рақобат юзага келади. Бу тармоқда структуравий оптималлашувга олиб келади. Паст самарали манбалар рақобатга дош бера олмай аста-секинлик билан бозорни тарк этади.

3. Соҳани модернизация қилиш ва энергия ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни қўллаш

Бозорда шаклланган рақобат муҳити тармоққа янги технологияларни жадал олиб киришга ҳам туртки беради. Корхоналар модернизация ва қайта жиҳозлаш орқали технологик жараёнлар самарадорлигини доимий оширишга интилади.

4. Қайта тикланувчи энергия манбалари ривожланиши учун шароит яратиш

Бугун қайта тикланувчи энергияга асосланган технологиялар юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Business Insider маълумотига кўра, сўнгги тадқиқотлар 2020 йилдан бошлаб қуёш панеллари ва шамол генераторлари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш углеводород хом ашёларидан фойдаланадиган анъанавий технологиялардан арзонроққа туша бошлашини кўрсатмоқда. 2017 йилда Буюк Британия тарихида илк маротаба замонавий шамол турбинасидан кўмир ёқишга асосланган ИЭСлардагидан кўра икки баравар кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилди. Сўнгги бир неча йил мобайнида АҚШда барпо этилаётган электр энергия ишлаб чиқариш манбаларининг 95%и қайта тикланувчи энергияга асосланган технологиялар улушига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда қуёш ва шамол асосида электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти юқори экани тўғрисида кўп айтилган, аниқ ҳисоб-китоблар ҳам мавжуд. Лекин ушбу йўналишларни ривожлантириш учун ҳам электр энергияси бозорини эркинлаштириш зарур. Қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган корхоналар анъанавий ишлаб чиқарувчилар билан рақобат қила олиши учун эркин нархлар бозори зарур.

5. Энергия тежамкорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг энергияга «бўкканлик» (energy intensity) даражасини камайтириш

Ўзбекистон жаҳонда иқтисодиёти энг энергияга «бўккан» мамлакатлар қаторига киради. Жаҳон банкининг 2015 йилга оид маълумотларига кўра, мамлакатимизда 1 АҚШ долларилик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки шу қийматга баҳоланадиган хизмат кўрсатиш учун 9,99 MJ (мегажоуль) энергия сарф этилади. Бу кўрсаткич қўшни Қозоғистонда 7,9 MJ, Хитойда 6,69 MJ, Японияда 3,74 MJ, Озарбойжонда 3,73 MJ, Германияда 3,60 MJ, Ҳонгконгда 1,4 MJни ташкил қилади. Камроқ энергия сарфи эвазига кўпроқ қиймат яратиш учун ишлаб чиқариш қувватлари тежамкор технологияларга ўтказилиши зарур. Бунинг учун ҳам тармоқда тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш лозим.

6. Электр энергия таъминотининг узлуксизлиги ва тўла қамровига эришиш

Электр энергия бозорида эркин нарх шаклланиши, табиийки, таклиф ўсишига олиб келади. Электр энергия ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналар истеъмолчилар талабини қондириш учун янги қувватларни ишга туширади, рақобатбардош нархларда энергия импортини йўлга қўйишади. Бу жараёнлар мамлакатда энергия танқислиги муаммоси ечимига йўл очади.

Аммо бугунги кунга келиб айрим ҳолатлар борки, улар ўтказилиши кутилаётган ислоҳот юзасидан кўпчиликда ҳадик ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин: 

1. Энг аввало, ишлаб чиқарувчи ташкилотлар кесимида электр энергиясининг бугунги кундаги таннархи (ёки тармоқдаги ўртача таннарх) тўғрисида расмий маълумотнинг очиқ манбаларда мавжуд эмаслиги. Бу маълумот электр энергияси нархидаги кутилаётган ўсиш ҳажми ва суръати тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлиш имконини берган бўларди. Шунингдек, қуйидаги саволлар юзасидан ҳам расмий маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўларди:

- 2020 йил 1 январдан эътиборан иқтисодий асосланган, эркин тарифлашга тўлиқ ўтиладими? Ёки бу босқичма-босқич амалга ошириладими? Вазирлар Маҳкамасининг юқорида зикр этилган қарори мазмунидан келиб чиқилса, ҳар икки ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Хусусан, 1-илова яъни «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари»нинг 2-бандида «илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда, 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтиш» тариф сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этилган. Аммо худди шу бандда «ўтиш даврида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг операцион ва капитал харажатлари, зарур соф фойдасини тўлиқ қоплашни таъминлашга қаратилган электр энергияси учун нархни шакллантириш принципларини белгилаш» ҳам ушбу тариф сиёсатининг йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилган. Бу ва ҳужжатда акс этган яна кўплаб баёнотлар 2020–2023 йилларда электр энергияси тарифидаги ўсиш қандай бўлишига ойдинлик киритилишини талаб қилади.

- Аҳоли учун эркинлаштирилган нархлар шароитида электр энергияси оила йиллик (ёки ойлик) харажатларининг неча фоизини ташкил қилиши кутилмоқда? Ушбу кўрсаткич қатор ривожланган давлатларда аҳоли фаровонлиги даражасини билдирувчи муҳим омиллардан бири сифатида доимо назорат қилиб борилади (тегишли давлат идоралари томонидан ҳалигача «истеъмол савати» ёки «яшаш минимуми»ни ҳисоб-китоб ва мониторинг қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилмагани масалани мураккаблаштиради).

- Турли ҳудудларда яшовчи истеъмолчилар учун етказиб бериладиган электр энергияси ҳудудда электр ишлаб чиқарувчи корхона бор ёки йўқлиги, трансмиссион тармоқлар узунлиги, хом ашё тури (кўмир, газ, гидро ва ҳ.к.), хом ашё учун транспорт харажатлари турлича экани кабилардан келиб чиқиб турлича таннархга эга. Бу эндиликда республика ҳудудида турли тарифлар амал қилади, деганими?

- Янги тизимда тарифлаш учун истеъмолчилар тоифалари қандай асосларда белгиланади?

- Ислоҳот аҳоли ва бошқа манфаатдор томонлар учун қанчалик шаффоф ҳолда ўтказилади? Амалга оширилаётган ишлар, уларнинг натижалари ва келгусида кутилаётган кейинги қадамлар тўғрисида маълумот бериб бориладими?

- Ҳукумат бу масала бўйича ўз олдига қўйган вазифаларда нечоғли собит? (жорий йилнинг 1 июнидан электр энергия ва табиий газ тарифларини ошириш бўйича қабул қилинган қарор бекор қилингани ҳаммага маълум)

2. Бизга маълум айрим маълумотлар электр энергияси бозори либерализацияси натижасида нарх ўсиш даражаси юқори бўлиши тўғрисида сигнал беради, хусусан:

- Бугунги кунда эксплуатация қилинаётган аксарият ишлаб чиқариш қувватлари моддий ва маънавий эскирган (30-50 йил).

- ИЭСларда асосан паст самарадорликка эга технологиялар ишлатилади (буғ трубиналари ўртача самарадорлиги 33%, маълумот учун, жаҳон амалиётида ишлатилаётган жамланган (combined) цикл самарадорлиги 55% атрофида)

- электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг деярли 70%и мамлакат шимолида, тармоқ учун асосий ёқилғи ҳисобланган газ ишлаб чиқариш манбаларининг аксарияти эса жанубий ҳудудларда жойлашган.

- электр энергияси ишлаб чиқаришда бирламчи энергия манбаси сифатида асосан табиий газдан фойдаланилади (65%дан юқори). Табиий газ асосида электр энергияси ишлаб чиқариш эса нисбатан қиммат ҳисобланади (мисол учун, гидро ёки шамол электростанцияларига нисбатан)

- электр энергиясини узатиш ва тарқатиш тизимларидаги йўқотиш кўрсаткичлари юқори (расмий манбаларда 15-20% атрофида кўрсатилади)

Ушбу санаб ўтилган ҳолатлар мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тарқатиш билан боғлиқ харажатлар юқори эканини билдиради. Бутунлай либераллаштирилган бозорда эса ушбу харажатлар тўлалигича истеъмолчи гарданига тушади, албатта.

Асосий хавф омиллари

Электр энергияси мамлакат иқтисодиётида беқиёс аҳамиятга эга, чунки у иқтисодий ресурс сифатида катта ва кичик корхоналар учун муҳим ишлаб чиқариш омили ҳисобланади (Электр энергиясининг мамлакат иқтисодиёти учун аҳамияти тўғрисида аввалги мақоладатўхталганмиз). Табиийки, унинг бозор нархига таъсир ўтказувчи ҳар қандай ислоҳот тарқалувчан оқибатларга (spillover effect) эгадир, яъни бир қарашда ўзаро боғлиқ бўлмаган тармоқ ва соҳаларда ҳам кенг кўламли таъсирга эга бўлиши мумкин.

Хўш, кутилаётган ислоҳот қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин? Қуйида назарий жиҳатдан келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий кўнгилсиз оқибатлар келтирилади. Аммо ислоҳотнинг қанчалик агрессив, мўътадил ёки юмшоқ ўтказилиши, макроиқтисодий таҳлил ва ечимлар қанчалик пухта тайёрланганлигидан келиб чиқиб ушбу ҳолатларни минималлаштириш имкони мавжуд.

Кўп жиҳатдан ҳукумат томонидан бу борада эмпирик таҳлилларга асосланган (шунингдек, ислоҳотни амалга ошириш даврида инфляция даражаси, ишсизлик, иқтисодий ўсиш суръатлари каби макроиқтисодий кўрсаткичларни прогнозлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи) аниқ дастур ишлаб чиқилиши ва ушбу дастурни изчил амалга оширилиши жуда муҳим.

Демак, назарий жиҳатдан мавжуд салбий оқибатлар:

1. Истеъмол товарлари бозорларида нарх-наво кўтарилиши

Қайси маҳсулот ёки хизматлар таннархида электр энергия улуши қанчалик катта бўлса, ўтказилиши кутилаётган ислоҳот натижасида шу турдаги маҳсулот ёки хизмат бозорида нарх-наво кўтарилиши ва беқарорлиги шунчалик муқаррар. Ваҳоланки, истеъмол товарлари ва хизматларнинг катта қисми электр энергиясининг бевосита иштирокида яратилади.

Бунинг устига, у ёки бу маҳсулот таннархидаги ўсиш фақат уни ишлаб чиқарувчи корхонадаги технологик ёки бизнес жараёнларда электр энергияси улуши билан боғлиқ равишда юз бермайди. Шу маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва истеъмолчига етказиб берилиш жараёнида иштирок этувчи барча корхоналар ўз маҳсулотидаги электр энергияси улушидан келиб чиқиб,унинг нархини оширишга мажбур бўлади.

Мисол учун, сиз велосипед ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарисиз. Сизнинг маҳсулотингиз таннархида электроэнергия улуши, айтайлик, 20%. Бу таннархдаги ўсиш фақат ўша 20 фоизлик қисмда юз беради, дегани эмас. Чунки сизнинг маҳсулотингизга хом ашё ва компонентлар, яъни велосипед учун эҳтиёт қисмлар, бўёқ, металл лист, пайвандлаш ашёлари кабиларни етказиб берувчи корхоналар ҳамда сизга уларни элтиб беришга ихтисослашган транспорт хизмати кўрсатувчи корхонада ҳам, бирида кўпроқ, бирида камроқ электр энергияси улуши бор.

Табиийки, ушбу корхоналардаги электр энергияси билан боғлиқ нарх ўсиши сизнинг маҳсулотингиз хом ашёси қийматига ҳам йиғилган ҳолда, кумулятив таъсир ўтказади.

Натижада, сиз истеъмолчига тақдим этадиган тайёр маҳсулот ҳам таннархдаги ўсиш ҳисобига бирмунча қимматлаб кетади. Маҳсулот таннархи ошибгина қолмасдан, у структуравий ўзгаришга ҳам дучор бўлади. Энди унда электроэнергия улуши аввалгидан кўпроқни ташкил қилади.

2. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ошиши ҳисобидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги пасайиши

Электр энергияси нархидаги сезиларли ўсиш экспортчи корхоналарнинг ташқи бозорлардаги имкониятини тушириб юборади. Ўзбекистон экспортида нисбатан улушдор соҳалар бўлган текстиль, хизматлар, энерготашувчилар ва нефть маҳсулотлари электр энергияси таъминотига бевосита боғлиқ тармоқлар ҳисобланади. Аслида, маҳсулот нархидаги кичик ўсиш ҳам бешафқат рақобат муҳити ҳукмрон бўлган ташқи бозорларда маҳаллий корхоналаримизнинг ўз позицияларини бой беришига олиб келган бўларди.

Мамлакатимиз экспортида хизматлар улушига назар ташласак, ушбу ислоҳот мамлакатимизнинг эртанги кун иқтисодиётида салмоқли аҳамиятга эга бўлиши кутилаётган, ўсиб бораётган туризм тармоғига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмаслигини кўрамиз. Чунки ушбу тармоқ вакили бўлган меҳмонхона хизматлари ҳам, туризм тармоғига хизмат кўрсатувчи транспорт хизматлари соҳаси ҳам электр энергияси нархларига нисбатан таъсирчан соҳалар ҳисобланади.

Экспорт ҳажмларининг камайиши ташқи савдо балансининг бузилиши ҳамда мамлакатимизга кириб келувчи валюта оқимининг ҳам камайиб кетишига сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

3. Даромадлари ва тўлов қобилияти пастлиги сабаб аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатламларининг молиявий қийинчиликларга дуч келиши

Юқорида таъкидланган истеъмол товарлари бозорларида нарх-навонинг кўтарилиши ҳамда электр энергияси тўловларининг сезиларли ошиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларида молиявий қийинчиликларни юзага келтирмай қолмайди, албатта.

4. Ички бозор истеъмолчиларининг тўлов қобилияти пасайиши натижасида айрим товар ва хизмат бозорларида танглик юзага келиши

Нарх-наво кўтарилиши истеъмолчиларнинг деярли барча қатламлари харид қобилиятига салбий таъсир ўтказади. Бундай вазиятда энг аввало нарх ўзгаришларига юқори сезувчан талабга эга маҳсулот ва хизматлар савдоси камаяди. Мисол учун, истеъмолчилар ҳашамат категориясига оид бўлган маҳсулот ва хизматлардан деярли бутунлай воз кечади (қиммат автолар, чет эл саёҳатлари ва ҳ.к.) Шунингдек, арзонроқ «ўринбосар шерик»ка эга маҳсулотлар ҳам харид рўйхатларидан тушиб қола бошлайди. Айтайлик, аксарият одамлар мол ёки қўй гўшти ўрнига арзонроқ муқобил, яъни товуқ гўшти ва тухум истеъмол қилишни бошлайди. Табиийки, камроқ талабга эга бўла бошлаган маҳсулотлар ва хизматларни етказиб берувчи корхоналар бирин-кетин касодга учрай бошлайди.

5. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар касодга учраши натижасида иш ўринларининг камайиб кетиши

Ҳа, бу ҳам ижтимоий-иқтисодий оқибатлар қаторида сўнгги манзил эмас. Қисқа муддат ичида электр энергияси нархини мутлақ либераллаштиришни режалаштирган бўлсангиз, ишсизлик суръатининг кескин ошишига ҳам тайёр туринг. Кўп сонли тадбиркорлик субъектларининг касодга учраши жамият минглаб иш ўринларидан мосуво бўлди, дегани.

6. Танганинг орқа тарафи: инвестициялар оқими камайиши

Тўғри, электр энергияси бозори эркинлаштирилса, саноатнинг ушбу тармоғига инвестициялар ҳажми ошади, аммо шу билан биргаликда кўплаб бошқа бизнес тармоқларига инвестиция киритиш қийинлашиб қолади. Чунки юқорида қайд этилганидек, маҳсулот таннархи ошади, ички бозор сустлашади, хом ашё манбалари камаяди ва ташқи бозорда қиёсий устунлик, рақобатбардошлик пасаяди.

Бутунлай эркинлаштирилган электр энергия нархлари шароитида юқорида санаб ўтилган оқибатлар рўй бериши эҳтимоли юқори ҳисобланади. Гап уларнинг миқёси ва давомийлигида. Ислоҳот қанчалик тез суръатларда, «шок терапияси» усулида, компенсацион чора-тадбирларсиз амалга оширилса, бу оқибатларнинг юзага келиш эҳтимоли шунчалик юқори.

Юқоридагиларнинг олдини олиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли ҳукумат идоралари томонидан батафсил расмий маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлар ва аҳоли, тадбиркорлар ҳамда инвесторларда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчилик ва асоссиз ҳадиклар олди олинган бўларди.

Ечимлар ва салбий оқибатларни камайтириш чора-тадбирлари

Воқеаларнинг юқорида келтириб ўтилган йўсиндаги ривожи биз учун энг кўнгилсиз сценарий, албатта. Ишонаманки, пухта ўйланган, оқилона макроиқтисодий сиёсат, аниқ режа асосида ва назорат остида олиб борилган ислоҳот ушбу жараёндан имкон қадар йўқотиш ва талофатларсиз ўтиб олишимиз гаровидир.

Ҳукумат идоралари томонидан ишлаб чиқил(ади)ган электр энергиясини либерализация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури доирасида амалга ошириладиган бошқа амалиётлар билан уйғунлигини инобатга олган ҳолда, жаҳон тажрибасида мавжуд қуйидаги ечимларни қўллаш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш зарур:

(уларнинг айримлари тасдиқланган ҳукумат қарорида ҳам таъкидлаб ўтилган,бу ерда уларни амалга оширишда айнан қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича ҳам мулоҳаза юритилмоқда)

1. Тафовутли (differential) электр энергия тарифлаш тизимини жорий қилиш

Сутканинг истеъмол ҳажмлари юқори бўлган вақти учун баланд, нисбатан паст бўладиган қисми учун пасайтирилган нархлар жорий қилиш. Бу ўзгариш сутка давомида нисбатан мувозанатлашган истеъмол кўрсаткичларига олиб келган бўларди. Бундан кўзланган мақсад электр энергияси истеъмоли камайган пайтида ИЭСлар самарадорлиги тушиши ва юқори истеъмол ҳажмлари пайтида эса ишлаб чиқариш ускуналари ва узатиш инфратузилмалари зўриқиш билан ишлашига барҳам беришдир.

Бу ўз навбатида технологик жараёнлар самарадорлиги ошиши, харажатлар камайиши, натижада истеъмолчига етказиб берилаётган электр энергияси нархининг тушишига олиб келади.

2. Ҳар бир хўжалик учун базавий истеъмол ҳажмларидан ошиқча миқдор учун ўсиб борувчи коэффициентда нархлаш тизими

Бундай механизм ижтимоий адолатни таъминлаш ва энергия сарфини оптималлаштиришга қаратилган яна бир чора сифатида баҳоланади. Бу амалиёт Тошкент шаҳри Юнусобод туманида синов тариқасида жорий қилинаётганидан хабаримиз бор. Аммо тажриба энергия сарфи кўрсаткичларига қандай амалий таъсир кўрсатгани тўғрисида ҳали расмий маълумот берилгани йўқ.

Ушбу тартибни ишлаб чиқишда фақат базавий норма ва ундан ошган ҳажм учун фарқланувчи нарх эмас, балки сарф билан пропорционал равишда муттасил ошиб борувчи нарх коэффициентларини жорий қилиш энергия сарфи ва молиявий харажатларни янада оптималлаштиришга ёрдам беради.

3. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун аниқ манзилли субсидиялар жорий қилиш

Аниқ манзилли субсидиялар жорий қилиниши Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам таъкидланган. Аммо ушбу молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этишда айрим эътиборга молик жиҳатлар мавжуд. Хусусан, субсидияларни суиистеъмол қилиш ва улардан фойдаланишда эҳтимолий коррупциянинг олдини оладиган, истеъмолчининг тўлов қобилиятини объектив баҳолайдиган шаффоф тизим ишлаб чиқиш лозим.

4. Аҳолининг кенг қатламларини ва маҳаллий тадбиркорларни замонавий молиялаштириш механизмларини жорий қилиш орқали энергетик таъминот бўйича лойиҳаларга жалб этиш

Яқинда Марказий банк аҳоли ўртасида валюта жамғармалари тўғрисида ўтказган аноним сўрови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, фуқароларда мавжуд жами чет эл валютасидаги жамғармалар 10,2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади. Ўтказилган сўровнома кўламини ва мамлакатда фаолият юритувчи тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган жамғарма ва пул қўйилмалари аҳолида мавжуд маблағларни турли сабабларга кўра (қайтарилиш кафолати, фоиз ставкалари ва ҳоказо) самарали жалб қила олмаётганини инобатга олсак, бу қиймат янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва бошқа алоқадор давлат идоралари томонидан ушбу аҳоли жамғармаларини саноатнинг турли тармоқларида, хусусан энергетика саноатида амалга оширилаётган лойиҳаларга ўзаро манфаатли шартларда жалб қилишнинг қонуний асослари ва ишчан механизмларини яратиш устида бош қотириши лозим. Бу янги корхоналар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш жойлари, дегани. Жаҳон тажрибасида бу турдаги инвестицион ресурсларни самарали жалб қилиш бўйича синалган, аллақачон яхши натижа бераётган концептуал ечимлар мавжуд. Улар орасида краудфандинг, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги (PPP), ижтимоий облигациялар (social impact bonds) мамлакатимиз учун истиқболли йўналишлар, деб ҳисоблайман. (Энергетика соҳасида микромолиялаштириш инструментлари тўғрисида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз)

5.Босқичма-босқич, эҳтиёткор либерализация

Юқорида таъкидланганидек, электр энергияси мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлиги учун ғоят аҳамиятлидир. Шу сабаб жаҳон тажрибасида ҳам бу соҳага оид сиёсатни амалга оширишда эҳтиёткор ва пухта ўйланган қарорлар қабул қилиб келинган. Ҳаттоки XIX асрдан буён саноат капитализми ва бозор иқтисодиёти асосида тараққий топиб келаётган Европа мамлкатлари ҳам бор-йўғи асримиз бўсағасига келибгина (1990-йиллар ва 2000-йиллар боши) ушбу соҳани либераллаштиришга журъат қилишди.

Шу сабаб ҳам амалга ошириладиган ислоҳотнинг тадбиркорлик фаолияти ва мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсирини максимал даражада аниқ прогнозлаштириш ва ислоҳот даврида синчковлик билан кузатиб бориш лозим. Акс ҳолда, нохуш иқтисодий оқибатлар узоқ йилларга чўзилиши мумкин.

Юқорида таъкидланган вазифаларни амалга ошириш учун энегетика вазирлиги ва тегишли идора ва вазирликлар ҳамкорлигида электр энергияси бозорини либераллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиши зарур.

Ушбу дастурда энг камида қуйидагиларни аниқ белгилаб олиш зарур:

  • Босқичма-босқич амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва вазифалар, улардан кутилаётган натижалар аниқ рақамлар билан;
  • Дастурда белгиланган барча вазифаларни амалга ошириш учун зарур молиявий ресурслар ва уларнинг манбалари;
  • Натижаларни баҳолаш мезонлари ва механизмлари;
  • Ҳар бир босқич учун юзага келиши мумкин бўлган хатар (риск)лар таҳлили ва уларнинг олдини олиш, эҳтимолини камайтириш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар;

Сўзим сўнгида кутилаётган ислоҳот юзасидан аҳоли, тадбиркорлар ва потенциал инвесторлар ўртасида тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Ривожланишимизнинг навбатдаги босқичи ўлароқ давлатимиз ва халқимиз олдида турган масъулиятли вазифани амалга оширишда ҳукумат идоралари юқори профессионал ёндашув намоён қила олишларига ишонч билдириб қоламан.

Раҳимберди МАМАЮСУПОВ.

Муаллиф ҳақида:

Раҳимберди Мамаюсупов — Корея Халқаро Ҳамкорлик Ташкилоти (KOICA) ва Ажу Университети (Жанубий Корея) ҳамкорлигидаги давлат хизматчилари учун «Энергетик Технологиялар ва Сиёсат» махсус магистратура дастури стипендиати, тадқиқотчи, менежмент тизимлари бўйича халқаро аудитор ва техник эксперт.

Top