23:29 / 02.07.2019
3487

Ўзбекистон делегацияси халқаро атом энергетикаси агентлигида учрашувлар ўтказди

1-2 июль кунлари Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзатом" агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Вена шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маълумотига кўра, делегация халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори ўринбосари – кафолатлар департаменти директори Массимо Апаро, ядро энергияси бўлинмаси директори Хан Доха, ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўлими раҳбари Милко Ковачев ва агентликниг бошқа бўлинмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ХАЭА билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони миллий ядро-энергетика дастурининг ривожланиш ҳолати, хусусан биринчи атом станциясини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш ва меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш доирасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.

Ўзбекистон томонидан атом станцияси учун жой танлаш борасидаги муҳандислик тадқиқотлари, атом энергияси соҳасида давлат бошқарув органларини ривожлантириш ва бошқарувни тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш, қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича олиб борилган ишлар алоҳида қайд этилди.

Узлуксиз мулоқотни таъминлаш ва ахборотни ўз вақтида алмашиш учун Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида ХАЭА билан ҳамкорлик қилиш учун масъул янги дипломат лавозими жорий этилди. Шунингдек, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекциясини Саноат хавфсизлиги бўйича давлат қўмитасига айлантириш орқали радиациявий ва ядро хавфсизлигини назорат қилувчи орган кучайтирилди.  

Ўтказилган учрашув ва музокаралар натижаларига кўра, миллий ядро-энергетика дастурини такомиллаштириш ва профессионал кадрларни тайёрлашга қаратилган қатор қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бундан ташқари, "Ўзатом" агентлиги Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси билан биргаликда 2019 йил сентябр ойида бўлиб ўтадиган ХАЭАнинг навбатдаги 63-бош конференцияси доирасида алоҳида халқаро тадбирни ташкил этиш бўйича иш бошлайди.

Top