Ўзбекистон | 07:40 / 14.07.2022
2828
2 дақиқада ўқилади

«Росэнергоатом» Ўзбекистон атом дастурини амалга ошириш учун мутахассислар тайёрлашга ёрдам беради

“Росатом” техника академияси ва “Ўзатом” агентлиги ўртасида ядровий инфратузилмаларни ривожлантириш соҳаси бўйича ўзаро англашилув меморандуми тузилди.

Фото: Ўзатом

Жорий йил 13 июль куни Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом” агентлиги), “Росэнергоатом концерни” ва “Росатом” қўшимча касбий таълим автоном нотижорат ташкилоти “Росатом техника академияси” ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири, Ўзбекистон миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва кенг оммани ядровий технологиялар ва улар билан боғлиқ янгиликлар билан яқиндан таништиришдан иборат.

Келишув бир қанча йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган бўлиб, булар орасида, Ўзбекистонда малакали ўқитувчиларни тайёрлаш, Россия атом электр станцияларига техник саёҳатлар уюштириш ва кенг миқёсдаги симулятор ҳамда лабораторияларга ташриф буюришни ўз ичига олувчи Россия АЭСлари махсус ўқув марказларида амалиёт ўташни ташкил қилиш каби масалалар асосий ўринда туради. 

Шу билан биргаликда, меморандумда, ўзбекистонлик мутахассисларнинг АЭХА ва "Росатом" техник академиясининг биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларида иштирок этиш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Бу ҳамкорлик Ўзбекистонга “Росатом” техника академиясидан мамлакат ядро дастурининг барча босқичлари учун мутахассислар тайёрлашда эксперт ёрдамини олиш имконини беради.

Меморандум имзоланганидан сўнг томонлар бир қатор қўшма тадбирларни амалга оширади. Жумладан, август ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган АЭХА тадқиқот реакторлари бўйича мактабида ўзбекистонлик мутахассисларнинг иштироки кутиляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид