16:20 / 03.07.2019
25828

ИИББ автомобилларнинг кўп қаватли уйлар ҳовлисига киришини тақиқлаш мавзусидаги сўровнома натижаларини маълум қилди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

2019 йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ ўз саҳифалари ва Telegram-каналида “Ким кўпқаватли уйлар ҳовлиларига автомобиллар кириши ва қолдирилиши тақиқланиши тарафдори?” сўровномасини бошлаганди. Facebook’да 42% фойдаланувчилар (1600 киши) фикрни қўллаб-қувватлашган бўлишса, 58% (2200 дан ортиқ) кишилар унга қарши чиқишди. Telegram’да эса тақиқни 1700 киши қўллаб-қувватлади, 1900 киши эса унга қарши бўлди.

ИИББ хабарига кўра, шарҳларнинг сони ҳам кўпайиб кетган (умумий миқдорда уларнинг сони тўрт мингдан ошган). Баъзилар Тошкент шаҳар ИИББ ушбу тақиқни ўрнатмоқчи, дея гумон қилган.

«Аслида бизни на сўровнома рақамлари, на тақиқ учун «замин яратиш» қизиқтирмас эди, кўзланган мақсад МУНОЗАРА эди. Сўровнома ёрдамида биз бир шаҳарда истиқомат қилувчи инсонларни бировнинг манфаатини ҳурмат қилишни, ўзаро келишишни ўргатмоқчи эдик. Мунозара жамиятимизнинг кўплаб муаммоларини намоён қилди, шахсий қулайлик масаласи турганда ўзгаларнинг ҳуқуқларига нисбатан «кўрлик» ҳам шулар қаторида. Кўплаб фойдаланувчилар ҳовлиларда автомобиллар бўлишини салбий томонлари ҳақида фикр юритишди:   

«Агарда машина «подъездга» сиққанда эди, улар хонадонини эшиги ёнида ҳам қолдириб кетар эдилар ва бировга халал беришига тупурган бўлардилар»; «Тунги вақтдаги сигнализациялар жонга тегди, саҳарда эса машинани қиздиришади, ҳовли доим автомойка ҳолатида»; «Йўлни шунчалик тўсиб ташлашадики, «Тез ёрдам» ва Ёнғин хавфсизлиги машиналари ҳам ўта олишмайди»; «…машиналар сабабли болаларга ўйнаш учун жой етмайди»; «Бизнинг одамлар дўконга пиёда боришни ҳам эплолмайдилар! ортиқча 5 метр юришга ҳам эринишади!» - дейилади ИИББ маълумотида.

Татьяна Осокина исмли фойдаланувчининг ҳаммани бирдек билиш нотўғри эканлиги ҳақидаги фикр билдириб, тарбия масаласини кўтарган: «Ҳовлига тинчгина кириб борувчи ҳайдовчилар ҳам бор. Аҳмоқлар ҳам бор… огородимга машина қўйишганида қарши бўлмаган эдим. Аммо қўшниларнинг маданиятсизлиги қароримни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Одамлар тарбиясиз ва маданиятсиз бўлиб кетишди».

Шарҳловчилар юзлаб воқеалар билан ўртоқлашишган, улар қаторида турар-жой ҳудудларида тезликни ошириш, келишмовчиликлар, пиёдаларни уриб кетиш, подъездларни тўсиб қўйиш билан боғлиқ воқеалар бўлган. Ҳар ким ўзига бегона кўз билан қарай олиши, қўшниларнинг манфаатларини ҳам ўйлаши муҳимдир. Шунинг учун турар-жойлар ҳудудларида автомобилларни қолдирилиши муаммосига инфратузилманинг йўқлиги эмас, ўзгаларнинг ҳуқуқларини менсимаслик олиб келади.
 
Автотураргоҳларнинг етишмаслиги маълум, аммо эътиборли фойдаланувчилар автотураргоҳ қурилган жойда ҳам ҳайдовчилар билан муаммо юзага чиқишини маълум қилишган. Бу нимадан далолат беради?

Мисол учун, Диля Эргашева исмли фойдаланувчи қуйидагини баён қилган: «Одамлар тураргоҳ йўқлигидан нолишади, боридан эса фойдаланишмайди. Шаҳардаги тураргоҳларнинг ярми бўшаб ётибди – қанча пул эвазига харид қилинган машинада ҳаракатланиб, автотураргоҳ учун 100 минг сўм тўлашга қизғанишади. «Текин» сўзи жуда ширин…».

Худди шундай фикрни яна бир неча фойдаланувчи билдирди. Диляра Галимова қуйидагини маълум қилган: «Бизда эса тураргоҳ бор. Барибир ҳовлиларда қолдиришади». Худди шу жойда Лора Юрченко исмли фойдаланувчи билдирган: «Бизнинг кварталда пуллик тураргоҳ бор, қулайлик учун пул тўлаш керак деб ўйлайман. Қўриқчи бор, барча машиналар тўсиқ остида. Саноқли кишилар машиналарни тураргоҳда қолдиришади. Қолганлар об-ҳаво шароитига, йўлни тўсиб қўйишларига, машиналар яқинида ўйнайдиган болалардан зарар етиши мумкинлигига қарамасдан машиналарни подъездлар олдига қўйишади». Ушбу мавзуни Мунаввар Озбекова исмли фойдаланувчи давом эттирган: «…жамиятимиз учун бир эмас кўплаб тураргоҳлар ташкиллаштиришди, аммо воқеликда автомобиллар барибир йўллар четида, тротуарларда қолдирилмоқда». Аксарият ҳайдовчиларда оддийгина ўзини тутиш маданияти йўқ».

Мунозарада тақиқ тарафдорлари ҳам, унга қаршилар ҳам фикр билдиришган. ИИББ Камола Юлдашева исмли фойдаланувчининг ёндашувини энг тўғри деб ҳисоблаган: «ТАҚИҚЛАШ эмас, ҲАЛ ҚИЛИШ керак!!!». Тақиқнинг фойда бериши қийин. Аввало, ҳозирги инфратузилманинг шароити етарли даражада эмас, қолаверса қоидабузарликка боришдан қўрқмайдиганлар ҳам бўлади.

Шарҳлардаги мунозаралар ҳайдовчиларга вазиятни пиёдалар нигоҳи билан қарашга, пиёдаларга эса – ҳайдовчилар нигоҳи билан қарашга имконият яратган. Шу билан бирга, ўзини тутиш маданиятини ошириш зарурлиги муаммоси кўтарилган. Фойдаланувчилар қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилишди: «…тарбияни устида ишлашга нима дейсизлар?»; «Ўзгаларга ҳурматсизлик қиладиганларни жазолаш керак».

Шарҳловчиларнинг аксарияти муаммо уларсиз ҳал этилишини хоҳлашади, аммо бизда ЙПХ инспекторларини ҳар бир ҳовлига патруллаш учун юбориш имконияти йўқ, дейилади хабарда.
  
«Сиз ва биз шаҳримизни ўзимиз барпо этамиз. Ҳаммаси халқнинг, масъулиятсиз бўлмаган ва интернетда қуруқ мунозарадан кўпига ярайдиган фуқароларнинг қўлида. Бизнинг келажагимиз сизнинг фаоллигингизга боғлиқ. Биз вазиятни ўзгартиришга қаратилган қуйидаги ҳаракатлар йўриқномасини таклиф қиламиз:

1. Автомобилингизни қолдиргач, чиқиб уни кўздан кечиринг. Машина ногиронлик аравачасидаги инсонга ёки коляскалик аёлга подъезддан чиқишга халал бермайдими? Ёнингиздан Ёнғин хавфсизлиги хизмати автомобили ўтиб кета оладими? Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг телеграм-каналини ўрганиб, бугунги кунда шаҳардаги ёнғинларнинг статистикаси билан танишиб чиқинг. Ёнғин ўчирувчилар учун ҳар бир сония муҳимдир. «Тез ёрдам» шифокорлари учун ҳам. Қолдирган автомобилингиз туфайли бировнинг ҳаётини сақлаб қолишни имкони бўлмаган бўлса, бунинг учун масъулиятни ўз зиммангизга олишга тайёрмисиз?

2. Қўшнилар билан гаплашиб туринг. Агар улардан бирортаси мунтазам равишда транспортини подъезд ёнида қолдириб кириш/чиқишни тўсаётган бўлса – улар билан гаплашиб олинг. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддиларни ҳам таклиф қилинг. Улардан қоидабузар билан суҳбатлашишни илтимос қилинг. Ота-она тўғри тарбия бермаганни жамият тарбиялаши зарур. Бусиз маданиятсизлик муҳити ўзгармайди.

3. Турар-жойингиз ҳовлисидаги ҳудудда бирор автомобиль узоқ вақтдан буён қолдирилиб, тезкор хизматлар махсус транспортларига халал бериши мумкин бўлса, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ навбатчилик қисмига 71-255-10-47 ёки 102 рақами орқали мурожаат қилиб, ЙҲХБ ЙПХ инспекторини юборишларини илтимос қилинг.

4. Ўзбошимчалик билан тўсиқлар ўрнатманг (бетон блоклари, шлагбаумлар ва ҳ.к.). Ёдингизда бўлсин, улар тезкор хизматларга халал бериши мумкин. Агар бирор белги ўрнатмоқчи бўлсангиз, ҳокимият қошидаги Ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилинг.

5. Қўшнилар билан ҳамкорликда ҳовли инфратузилмасини яхшиланг. Ҳуқуқий саводхонликни оширинг, болалар майдончаси, тротуар, тўсиқлар ташкиллаштириш учун қаерга мурожаат қилиш кераклигини ўрганинг. Ҳовлидаги тозалик ва тартибни назорат қилиб юринг. Кўчани ёритувчи лампа куйиб қолганида тегишли жойга мурожаат қилишга эринманг. Агар бирор ҳайдовчи машинасини қолдира туриб пиёдаларнинг ҳаракатланишига халал бераётганини сезмаса – муаммо ҳақида унга тинчгина тушунтиринг. Ўйлаймизки, қоидабузар ҳайдовчилар атрофдагиларнинг фикрларига қулоқ тутиб масъулиятни ҳис эта бошлайдилар.

6. Пиёда ҳаракатланиш маданиятини татбиқ этишда ибрат бўлинг. Баъзида дўконгача километр масофани босиб ўтиш афзал. Соғлиғингизга ҳам фойда. Атроф-муҳит учун ҳам яхши. Чунки сиз ўз фарзандларингизни ўз мисолингизда яхши одатларга ўргата бошлайсиз.

Биз бу шаҳарни сиз билан бирга ўзгартирамиз. Фаол фуқаролик позициянгизни кўрсатиб юринг, ўзгаришлар учун кўпроқ ҳаракат қилинг – интернетдаги шарҳлардан кўра буларнинг фойдаси кўпроқ бўлади», - дейилади ИИББ ахборотида.

Top