Hyundai Santa Fe

Фото: Hyundai

Кроссовернинг янги авлоди бироз «катталашди» ва «йўлтанламас» версияга (ХRT) эга бўлди. Бироқ Hyundai компанияси янги Santa Fe’да дизелли двигателдан фойдаланмасликка қарор қилди. Атмосфера босимида ишлайдиган 2,5 литрли двигатель 194 от кучига эга, у 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорликда ишлайди. 2,5 литрли турбодвигателли версия эса 281 от кучини беради. Шунингдек, 1,6 литрли турбодвигателли гибрид комплектация ҳам бўлиб, у 180 от кучига эга. «Юмшоқ гибрид» ўз ўрнида 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорлик қилади. Ишлаб чиқарувчи кейинроқ ташқи ток ёрдамида қувватлантириш мумкин бўлган янги авлод гибридли версияни ҳам тақдим этишни ваъда қилмоқда.

Mitsubishi Xforce

Фото: Mitsubishi 

Mitsubishi ўз синфида унча қиммат бўлмаган моделини ривожланаётган мамлакатлар бозори учун тақдим этди. Янги модель АSХ моделлари қаторини ўрнини босиши керак бўлади. Xforce Индонезияда тақдим этилди. Автомобиль клиренси 222 миллиметрни ташкил қилади. Ҳаракатланиш режимларини танлаш имконияти мавжуд. Мультимедиа тизимини бошқариш учун 12,3 дюймли дисплей хизмат кўрсатади. Икки ҳудудли иқлим назорати, адаптив круиз назорати ва қатор электрон ассистентлар билан таъминланган. Кроссовер 1,5 литр ҳажмли атмосфера босими остида ишлайдиган двигатель билан ҳаракатланади. У 105 от кучига эга. Узатмалар қутиси эса вариатор, олд ғилдираклар тортувчи ҳисобланади.

Toyota Land Cruiser Prado

Фото: Toyota

Тоёта компанияси Land Cruiser’ни АҚШ бозорига қайтаришга яна бир бор уриниб кўради. Land Cruiser Prado 250 Шимолий Америкада премьера қилинди. Янги модель бозорда Land Rover Defender 110, Ford Bronco, Jeep Wrangler билан рақобатлашиши керак бўлади. «250» икки хил ташқи дизайн билан тақдим этилади. Автомобиль ҳажми шундай: 4920/2139/1859 мм. Ғилдираклар базаси 2850 миллиметрни ташкил этади. iForce Max гибрид тизимидан фойдаланилган. Гибрид версияда 2,4 литрли турбодвигател 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ишлайди. Двигатель 331 от кучини беролади. Шунингдек, фақат бензин ва дизелда ҳаракатланадиган комплектациялар ҳам мавжуд.