08:17 / 05.07.2019
11626

Тошкент ҳокимлиги ХУЖМШ нима учун бошқарув компанияларига алмаштирилаётганини тушунтирди

Фото: KUN.UZ

Чилонзор туманида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича бошқарув компаниялари ўртасида танлов эълон қилингани аҳоли орасида кўплаб саволлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги уларнинг энг асосийларига жавоб беришга ҳаракат қилган.

Бошқарув компаниялари томонидан уй-жойларга хизмат кўрсатилиши хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати хизматидан нимаси билан афзал бўлиши мумкин?

Бошқарув компаниялари кўп қаватли уйларга профессионал даражада хизмат кўрсатиш бўйича етарли тажрибага эга ҳамда иш жараёнида ҳар бир уйнинг архитектураси ва шароитидан келиб чиқиб таъмирлаш ишларини амалга оширади. Эълон қилинган танловга кўра эса кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бўйича самарали бошқарув механизми, малакали мутахассислар ва техникага эга энг илғор компаниялар танлаб олинади.

Бугунги кунда Чилонзор туманида самарали фаолият юритаётган, аҳолининг ишончини қозонган, эътирофига сазовор бўлган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати қатори, фаолиятидан мулкдорлар норози ширкатлар ҳам бор. Танлов натижасида айни шундай хизмат кўрсатувчилар ўз ўрнини бошқарув компанияларига топширади.

Бошқарув компанияларига ўтиш мажбурийми ёки Чилонзор аҳолиси ўз хоҳишига кўра ХУЖМШда қолиши мумкинми?

Албатта, Уй-жой кодексининг 138-моддасига биноан мулкдорларнинг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ёки бошқарув компаниялари хизматидан фойдаланиши уй аҳлининг умумий мажлисидаги қарорига кўра ҳал қилинади.

Аммо бунинг учун аҳолининг камида 50 фоизи қарорни маъқуллаб овоз бериши керак. Қарорни маъқулламаганлар ўз ихтиёри ва хоҳишига кўра, бошқарув компанияси ёхуд ширкат хизматидан фойдаланиши ёки коммунал хўжаликка дахлдор камчиликларни мустақил ҳал қилиши мумкин.

Бошқарув компаниялари фаолияти билан хизмат кўрсатиш нархлари кўтариладими?

Ойлик йиғимлар миқдори компания раҳбарияти билан аҳоли ўртасида шартнома тузилгунга қадар ўтказилган умумий йиғилишда муҳокама қилинади ва белгиланади.

Таклиф этилаётган йиғимлар миқдори маъқулланиши учун мажлис қатнашчиларининг ярмидан кўпи овоз бериши керак. Тўловларнинг энг кам миқдори туманлардаги Халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади (ХУЖМШ фаолияти учун йиғимлар эса Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан белгиланади).

Аҳоли пуллари қандай сарфланади?

Бошқарув компанияси аҳолини уй-жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш режаси билан таништиради, режа асосида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот беради ва ҳар чоракда бажарилган ишлар ҳамда пул маблағларининг сарфланиши ҳақида ҳисобот беради.

Top