Марказий Осиё давлатлари ягона электр энергияси бозорини яратиш бўйича декларация имзолашди
Жорий йилнинг 4 июль куни Истанбул шаҳрида Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё иккинчи конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Туркия Республикаси Энергетика вазирлиги кўмагида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги хабарига кўра, конференцияда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон энергетика вазирликлари ҳамда давлат компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги бош директори Митхат Жонсиз, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари ўз сўзида электр энергияси минтақавий биржасини ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус конференциянинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги ушбу ташаббусни амалга оширишда Осиё тараққиёт банки билан биргаликда ёрдам беришга, ўз навбатида ОТБ ҳам ушбу масалада минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Тадбир доирасида минтақа давлатлари энергия тизимини интеграция қилиш, шунингдек бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Конференция якуни бўйича энергетика соҳаси ислоҳотлари бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда ягона электр энергияси бозорини яратиш хусусида қўшма декларация имзоланди.
Қайд этиш керак, Энергетика ислоҳотлари бўйича Марказий Осиё биринчи конференцияси Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ОТБ кўмагида 2018 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.
Мавзуга оид
01:16
АҚШ ракеталари ёрдамида йўлланган биринчи зарбалардан кейин Россия акциялари 2 млрд долларга қулади
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
17:05 / 02.11.2024
Ўзбекистон сентябр ойида энг кўп олтин сотган давлатлар қаторига кирди
21:29 / 29.10.2024