08:19 / 09.07.2019
10135

Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига ўқишга қабул қилишда қатор талаблар бекор қилинди

Фото: cgc.uz

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги бизнес ва бошқарув республика олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Олий мактабда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш кундузги шаклда, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда эса сиртқи, кечки шаклларда, шунингдек масофавий амалга оширилади.

Олий мактаб магистратурасида мутахассислар ишлаб чиқариш (камида 1 йил) ва илмий-педагогик (камида 2 йил) йўналишлар бўйича тайёрланади.

Илгари “Лойиҳа бошқаруви” бўйича 1 йиллик, “Бизнес бошқаруви” бўйича 2 йиллик магистратурада ўқитиш амалга оширилган.

Магистратурага кириш ёзма имтиҳон ва тест синовлари шаклида амалга оширилади. Илгари тест ва суҳбат шаклида амалга оширилган.

Номзодларнинг иш стажига эга бўлишига оид талаб бекор қилинди.

Илгари ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги таълимга уч йилдан кам бўлмаган, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълимга беш йилдан кам бўлмаган стажга эга фуқаролар қабул қилинган.

Top