Ўзбекистон | 09:47 / 09.08.2023
5870
2 дақиқада ўқилади

Магистратурага ҳужжат топширганларга аризаларини таҳрирлашга 2 кун вақт берилди

9-10 август кунлари магистратурага ҳужжат топширган, бироқ аризаси рад этилган абитуриентларга аризасини таҳрирлашга имкон берилди.

Фото: Kun.uz

2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бўйича magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилди, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

“Аризаларни кўриб чиқиш натижасида кўплаб мурожаатлар турли сабабларга кўра (танланган мутахассислик битирувчининг таълим йўналиши бўйича мос ёки турдош эмаслиги, сўралган ҳужжат ўрнига бошқаси юкланган ёки тўлиқ юкланмаган, ҳужжатлар сифатсизлиги кабилар сабабли ) рад этилган.

Шуни инобатга олиб, давлат олийгоҳлари магистратурасига ўқишга кириш учун онлайн ариза юборган, лекин аризаси рад этилган талабгорларга 9–10 август кунлари аризаларни қайта таҳрирлаш имконияти яратилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, рад этилган аризаларни таҳрирлаш учун 10 август куни соат 18:00 га қадар сўнгги имконият берилади. Ушбу муддатдан сўнг таҳрирлашга йўл қўйилмайди ва камчиликлар бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди.

Лекин хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификати талаб даражасида бўлмаганлиги сабабли рад этилган аризаларни таҳрирлаш тавсия этилмайди, мазкур ҳолда қайта таҳрирланган аризалар кўриб чиқилмайди.

Эслатиб ўтамиз, бу йил магистратура учун 20 054 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Қабул квотаси эса 17,1 мингни ташкил қилади.

Мавзуга оид