01:40 / 09.07.2019
25367

Тошкент метрополитени учун янги поездлар тайёрланмоқда

Маълумки, шу йилнинг апрель ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Россиянинг «Метровагонмаш» АЖ ўртасида Тошкент шаҳридаги ер усти метрополитени учун ҳаракатланувчи состав вагонларини ҳар бири 4 вагондан иборат 5 та состав харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди, деб ёзади «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий сайти.

Айни пайтда «Метровагонмаш» Аж да ўша бешта поезддан дастлабки учтасини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кузов ишлари тугалланган, тортувчи электр ускуналари, пневматик ускуналари, видеокузатув тизимини бутловчи қисмлар билан таъминлаш ишлари бажарилмоқда. Замонавий вагонларни нишона тарзда етказиб бериш яқин келажакда амалга оширилади.

Пойтахтимиз ер усти метрополитени линиялари учун вагонлар заводдан брендли бўяш билан чиқарилмоқда. Вагонларнинг ён деворлари ва эшиклари оқ рангга бўялган, бутун состав бўйлаб Ўзбекистоннинг миллий байроғини акслантирувчи чизиқ ўтказилган. Ҳар бир составнинг бошида оқ рангли, охирида қизил тусли ёритиш чироқлари бор. Ҳаракатланувчи составнинг томи оч ҳаворанг тусда, олд юқори қисмининг маркази қора рангда бўлиб, йўналиш югурувчи сатрларда кўрсатиб турилади.

81-765/766/767 сериядаги таклиф қилинаётган метро вагонлари янги техник ечимларга эга бўлиб, электр энергиясини 35 фоизгача тежайди, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи узатманинг қўлланилиши эксплуатацияга харажатларни 40 фоизгача қисқартиради. Янги вагонларнинг бир қатор техник характеристикалари ва афзалликларига яна ушбулар киради:

  • Вагонлар орасидаги герметик «гармошка» кўринишидаги ўтиш жойлари бутун состав вагонларига бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан уларнинг сиғимини оширади;
  • Йўловчилар салони автоматик икки табақали, суяб суриладиган, ҳар бир томонда тўрттадан бўлган эшиклар билан жиҳозланган. Эшиклар 12 фоизга кенгайтирилган ва йўловчиларни тасодифан қисилиб қолиши олди олинган;
  • Вагонлар ўртасида стандарт автоуловчи ўрнига бўшлиқсиз уловчи қурилмалардан фойдаланилган, бу юришнинг равонлигини оширади ва вагонларнинг бири бири устига чиқиб кетишининг олдини олади;
  • Салондаги буюрилган ҳароратни кондиционерлаш, истиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ультрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;
  • Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;
  • Состав вагонлари видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам бор;
  • Машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини видеокузатув тизими монитори жойлашган.

Top