Ўзбекистон | 14:55 / 08.04.2021
12555
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари»: Сергели йўналиши бўйлаб бепул автобуслар ҳаракати ташкил этилди

8 апрел куни соат 10:45да Тошкент метросининг «Сергели» йўналишида ҳаракатланган поезд эстакада устида тўхтаб қолди. «Чилонзор» йўналишидаги «Олмазор» бекати томон ҳаракатланган метро поезди машинисти ҳолатни техник муаммолар билан изоҳлаган.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ахборот-таҳлилий медиа маркази Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши фаолияти тўхтаб қолганига изоҳ берди.

«Бугун, тахминан соат 10:45да Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши техник сабабларга кўра тўхтатилди. Барча йўловчилар эвакуация қилинди. Сергели метро йўналиши бўйлаб бепул автобуслар ҳаракати ташкил этилмоқда. Aйни вақтда «Тошкент метрополитени» УК раҳбарияти воқеа жойида вазиятнинг сабабларини аниқламоқда. Булар ҳақида батафсил хабар берамиз», дейилади изоҳда.

«Тошшаҳартрансхизмат» ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

«2021 йил 8 апрель куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналиши Сергели қисмида техник носозлик келиб чиққанлиги туфайли метрополитен ҳаракати вақтинчалик тўхтатилганлиги муносабати билан, метрополитеннинг «Олмазор» бекатидан «Қипчоқ» бекатигача бўлган оралиқда вақтинчалик автобус йўналиши ҳаракати йўлга қўйилди. Ушбу йўналишда 4, 7, ва 12-автобус саройлари томонидан вақтинчалик автобуслар хизмат кўрсатмоқда.

Мазкур вақтинчалик ташкил этилган йўналишдан йўловчиларимиз бепул фойдаланишлари мумкин бўлади. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Сергели йўналиши 2020 йил декабрида ишга туширилганди.

Бу йўналишнинг ишга тушиши йўловчиларга катта қулайлик туғдирди, автомобил йўлларига бўлган босим камайди.

Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 83 миллион долларни ташкил этиб, бу йўналиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида барпо қилинганди.

Ушбу йўналишда март ойида ҳам авария ҳолати содир бўлган, унда икки состав тўқнашиб кетганди.

Мавзуга оид