22:13 / 11.07.2019
7129

Самарқанд вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун жами 180 миллион АҚШ доллар ажратилмоқда

Самарқанд шаҳридаги ичимлик сув тармоқларининг аксарияти ўзининг даврий муддатини ўтаб бўлганлиги, гидравлик тизимнинг етарли даражада ишламаслиги ичимлик сувларини мавжуд кўп қаватли уйларга бир меъёрда етказиб бериш имконини бермайди. Шу боис шаҳарда коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, яъни ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича вилоят «Сувоқова» ДУК томонидан бир қатор таклифлар берилган.

Жумладан, мутахассисларга кўра, «Чўпон-ота» ва «Даҳбед» сув иншоотлари ҳамда «Мўлиён» сув насос станциясини реконструкция қилиш зарур. Бундан ташқари, 10 та 2-босқич ва 3-босқич насос станцияларини реконструкция қилиш, 250 километр узунликдаги реконструкция қилиш талаб этиладиган юқори босимли ва ўрта босимли сув қувурлари алмаштириш ва янгиларини қуриш керак.

Самарқанд шаҳрида сув босимини бир меъёрда ушлаш ҳамда узлуксиз ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида барча сув иншоотлари, насос станциялари ҳамда тақсимлаш тугунларини тўлиқ замонавий-энерготежамкор насос ускуналари ва жиҳозларга алмаштириш ва автоматлаштирилган бошқарув тизимини ташкил этиш лозим.

«Абу Даби тараққиёт фонди» Самарқанд шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадлари учун 150 миллион доллардан зиёд пул ажратади.

Шунингдек, шаҳарда ичимлик сувига бўлган талабнинг ортиб боришини ҳисобга олиб, электр энергия сарфламасдан ичимлик сув олиб келиш мақсадида Тойлоқ тумани «Равотхўжа» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида сув иншооти қуриш ҳамда мазкур сув иншоотидан Самарқанд шаҳрининг «Мўлиён» сув тақсимлаш иншоотигача тармоқ тортиш кўзда тутилган.

Қўшработ туманида ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун эса Саудия тараққиёт фонди 30 миллион доллар маблағ ажратмоқда.

Самарқанд вилоятининг олис Қўшработ туманида ичимлик таъминотини яхшилаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 декабрдаги қарори қабул қилинган эди. Бу қарор туман аҳлини ўша вақтда хурсанд қилганди, албатта. Чунки мазкур лойиҳа амалга ошса Қўшработ туманининг 65 минг нафар аҳолиси марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади. Аммо ўша йили ҳам 2016 йил ҳам тумандаги ичимлик сув таъминотида ижобий томонга ўзгариш бўлмаганди.

Мутахассислар асосий ишларнинг бошланмаслигига лойиҳалаш ишларининг чўзилиб кетгани ва хорижлик инвесторлар билан музокараларнинг чўзилиб кетгани билан изоҳлашарди.

Айни вақтда туманда бу бўйича қурилиш-қазиш ишлари бошлаб юборилган. Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари Комил Юсупов шу ҳақда маълумот берди:

— Бу жуда улкан лойиҳа бўлиб, аслида 2021 йилгача мўлжалланган. «Қўшработ туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш» деб номланган мазкур лойиҳа Саудия тараққиёт фонди ва ОПЕК фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Умумий қиймати 36,04 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган ишларнинг 29,7 миллион АҚШ доллари чет эл инвестицияси ҳисобидан қопланади.

Лойиҳа амалга оширилгач, Қўшработда 56 та янги ва реконструкция қилинган сув иншооти бўлади. Шу билан бирга 110 та сув қудуқларини қазиш, 408 километр сув ўтказгич ва сув тарқатиш тизимларини қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунгача Хитойнинг «Anhui Shuian Construction Group» компанияси томонидан 2 та сув қудуғи, «Suv-taraqqiyot» ва «Neftgazmontaj» консорциуми (Ўзбекистон) томонидан 9 километр ҳандақ ва 1 та сув қудуғи қазилган.

Шу тарзда 2021 йилга келиб қўшработликлар марказлашган ичимлик сувига эга бўлишади. 

Top