11:24 / 20.07.2019
6248

Фарғона энергетиклари янги, кўп қувватли «Илғор» нимстанцияни ишга тушириш арафасида

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион–ғоялар ва технологияларни қўллаб–қувватлаш йили”да амалга ошириш бўйича Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан иқтисодиёт тармоқларига сифатли ҳамда узлуксиз электр энергияси етказиб бериш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шарт–шароитларни яратиш, қолаверса инвестицион муҳитни барқарорлаштириш юзасидан давлат дастурлари асосида модернизация ва реконструкция ишлари жадал олиб борилаётир.

Вилоятда мавжуд 110/6 кВли “Саккокий”, “Мехзавод” ҳамда 110/35/10 кВли “Саткак” нимстанцияларидаги электр қурилмаларнинг ортиқча юклама билан ишлаши натижасида аварияли узилишлар содир бўлишини олдини олиш, меъёрдан ортиқча юкламани енгиллатиш мақсадида Фарғона шаҳар ҳудудида илгари битказилиши режалаштирилиб амалга оширилмай қолган 110/6 кВли “Илғор” нимстанциясида қуриш ишлари қайта тикланиб, ҳозирги кунда нимстанцияни ишга тушириш жараёни яқинлашиб қолди. 

Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш даврида янгидан–янги инвестиция объектларининг ишга туширилиши, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланиши ҳамда аҳоли истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг ортиб бориши ҳисобига “Илғор” нимстанциясининг ишга туширилиши, юқорида санаб ўтилган нимстанцияларнинг юкламасини енгиллатиб, бунинг ҳисобига янги объектларнинг уланишига шароит яратиб, истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га улаш ишлари Фарғона шаҳри аҳоли хонадонларида жадал бошлаб юборилган.

Ҳозирда Фарғона шаҳри электр энергияси истеъмолчилари 8 та нимстанция ва ундан чиқувчи 58 та 6 кВ ли электр узатиш тармоқлари ҳамда 374 та трансформатор пунктлари орқали электр энергияси билан таъминланмоқда. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш натижасида шаҳар ҳудудидаги ҳисоб нуқталарига жами 88 150 та; аҳоли истеъмолчиларига 83 394 та ҳамда улгуржи истеъмолчиларига 4 756 та электр ҳисоблагичлар ва ҳисоб нуқталаридан маълумотларни йиғиш учун нимстанция ва трансформатор пунктларига 374 та концентраторлар ўрнатилиши таъминланади.  

Шу кунгача жами 39500 та маиший истеъмолчилар ҳисоблагичлари алмаштирилди. Аввал жорий этилган истеъмолчилар билан бирга ушбу кўрсаткич 60812 тани ташкил этмоқда. Шу жумладан ишлар якунланган трансформатор пунктларидан 40 тасида концентратор қурилмаси ўрнатилиб, синов ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий Электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул алмаштирилиб берилмоқда.          

Мазкур лойиҳалар вилоят ҳокимлиги ҳамда “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг саъй-ҳаракатлари туфайли “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2018–2019 йиллар манзилли дастурига киритилган бўлиб, шахсан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг назоратида амалга оширилмоқда.

Top