11:04 / 24.07.2019
9941

Фекирнинг трансфери нима учун арзон?

Трансфер бозорининг авж палласида франциялик яримҳимоячи, жаҳон чемпиони Небил Фекирнинг «Бетис»га ўтгани кўпчиликнинг ҳайрон қолдирган бўлса керак. Йўқ, андалуслар жамоасини бирор шайх сотиб олмади, бу ерда Фекир учун атиги 20 миллион евро тўланиши қизиқроқ. Ахир икки йил олдин бу футболчи учун «Арсенал» жуда катта суммадан воз кечишга тайёр бўлган, ўтган йили эса, «Бавария», «Челси» каби топ-клублар қизиқиш билдириб, ҳатто «Ливерпуль» 52 миллион фунтга деярли сотиб олганди. Фекирга бўлган қизиқишнинг пасайиши, унинг трансфер қийматидаги бу қадар ўзгаришнинг сабаби нимада?

Барбод бўлган трансфер

«Ливерпуль» ўтган йилнинг баҳориданоқ Фекирни қизиқишни бошлаб юборганди. Коутиньонинг жамоани тарк этиши билан эса, ливерпулликлар олдинги чизиқда креатив футболчига эҳтиёж сезишарди. «Лион» сардори Клопп талабларига жуда мос келарди. Бундан ташқари, Фекирнинг ҳам алдамчи тўққизлик, ҳам ярим ҳимоянинг турли қанотларида ўйнай олиши трансфернинг ҳал бўлишига шубҳа қолдирмасди.

Футболчининг ўзи Клопп жамоасига ўтишни истаган, «Ливерпуль» томонидан таклиф этилган сумма «Лион» президенти Жан Мишел Оласни қониқтирган. Инглиз клуби медиклари Франция терма жамоаси базасига келиб, футболчининг тиббий кўригини ўтказмоқчи бўлишади. Ҳатто Набил «Ливерпуль» клуби расмий каналига интервью беришга ҳам улгурди – аммо бир лаҳзада барчаси музлади. Сабаб эса, кўрик натижалари эди.

«Ливерпуль»га яқин манбаларнинг айтишича, клуб Фекирнинг тиззаси билан боғлиқ жароҳат қайталаниши рискидан қўрққан ва қарорини ўзгартирган. Футболчи 2015 йилнинг сентябрида тиззасидан жароҳат олган ва деярли бир мавсумни ўтказиб юборганди. Инсайдларнинг хабар беришича, худди шундай кейинги жароҳат футболчининг фаолиятига нуқта қўйиши мумкин бўлган.

Профессионал врачларнинг хулосаси қисқача шундай бўлганди:

  • 2015 йилдаги жароҳатдан сўнг Фекир майдонга жуда тез – 7 ойдан кейин қайтган. Тикланиш жараёнини тезлаштириш қайта жароҳатланиш рискини орттиради.
  • Бундай жароҳатдан сўнг, қайта худди шундай жароҳатланиш фоизи – 25. Худди шу тиззадаги такрорланиш эҳтимоли эса, 20 фоиз.
  • 2016 ва 2018 йилларда Фекирда худди шу тиззаси билан боғлиқ муаммолар кузатилган. 2018 йилда Фекир «тиззасидан лат ейиш» сабаби билан етти ўйин ўтказиб юборган. Врач бу ерда ҳам шубҳаланади, чунки шунчаки лат ейиш билан 7 ҳафта ўтказиб юбориш тўғри эмас, ўшанда янада оғирроқ, суяклар билан боғлиқ сабаб бўлган.  

Натижада, «Ливерпуль» трансфердан воз кечди ва «Лион» расман бу ҳақида эълон қилишга мажбур бўлди.

«Ливерпуль»ни тушунса бўлади, ҳар қандай бирор кунда оғир жароҳат олиши мумкин бўлган футболчига 52 миллион фунт тўлаш тўғри келмайди. Бунинг устига АПЛдаги ўйин услуби ва футболчиларнинг жароҳатга мойиллиги ҳам бу рискни ошириши мумкин.

Пасайиш

Шундан сўнг, Фекир терма жамоа билан биргаликда Россия-2018 турнирига йўл олди ва жами бўлиб 70 дақиқа майдонда ҳаракат қилди, жаҳон чемпионига айланди. Мавсум ҳам ёмон бошланмади – «Лион» сафарда «Манчестер Сити»ни енгди ва Фекир бир гол ва ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Ҳаммаси бўлиб, ўтган мавсумда футболчи ҳисобида 12 гол ва 9 ассист бор – клубда Дембеле ва Депайдан кейинги 3-кўрсаткич.

Аммо энди, Фекир ўтиши мумкин бўлган топ клублар сифатида фақат «Арсенал» ва «Наполи» гапирила бошланди. Трансфер қиймати ҳам 52 миллиондан, тахминан, 20-30 миллионга тушиб кетди. Сабаблар етарлича. 

Биринчидан, «Ливерпуль»нинг қарори бошқа инглиз топ-клубларини ҳам хавотирга солиб қўйди. Футболчининг тиббий кўрикдан ўтолмаслиги – кам учрайдиган воқеа. Ички манбалар орқали инглизлар барчасини суриштирган бўлишлари табиий. Айтиш мумкинки, Англиядан Фекирга талабгор топилмади.

Иккинчидан, Фекирнинг жорий шартнома муддатига атиги бир йил қолганди. Ўтган йили Жан Мишель Олас устунлик билан музокаралар олиб бориши мумкин бўлганди, энди эса, футболчини бир йил ўтиб текинга қўйиб юбориш хавфи бор. Тўғри, шартномани янгилаш ҳақида ҳам гап борганди, лекин клубнинг ўзи футболчини сотмоқчи бўлгани ва агентларга уни турли клубларга таклиф қилишга кўрсатма бергани ҳақиқатга яқинроқ хабарлардир.

Учинчидан, Фекир у қадар барқарор футболчи эмас ва унинг спорт формасида пасайишлар тез-тез кузатилади. «У барқарор эмас, балки шу сабаб топ-клубларнинг қизиқишини сўндирган бўлиши мумкин. Ундай жамоаларга доим 10 баллдан 8 баллик баҳода ўйнайдиган футболчилар керак, Фекир эса, ундай эмас», – деганди Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Вилли Саньол.

Кўпчиликнинг қайд этишича, Набил ўтган мавсумни аввалгисидан сезиларли равишда ёмонроқ ўтказган. 2017/18 йилги мавсумда у 23 гол муаллифи бўлган ва 8 марта шерикларига гол уришда ёрдам берган бўлса, бу йилги кўрсаткичлар, юқорида айтиб ўтилганидек, пастроқ. Бу фактор ҳам бошқа келтирилган сабаблар билан бирлашиб, Фекирнинг нархини мантиқан очиқлайди.

Шунинг учун ҳам Олас 30 эмас, 20 миллионга рози бўлди, футболчи эса, «Бавария» эмас, «Бетис» аъзосига айланди.

Ҳаммани рози қилган трансфер

Кике Сетьен бошқарувидаги «Бетис» ўтган йили Ла Лигада 10-ўринни олди, аммо баъзи паллаларда жуда сифатли ўйин кўрсатди. Пеп Гвардиола «Барселона»сининг тўпни назорат қилиш рекордини янгилади, масалан, шунингдек, «Камп Ноу»да автобус қўймасдан туриб, ғалаба қозонди. Ҳужумкор «Лион»дан ҳужумкор «Бетис»га ўтиш Фекир учун қулай. Тўғри, энди жамоани Сетьен эмас, «Эспаньол»дан таклиф этилган Руби бошқаради.

«Лион» футболчи учун у қадар кўп бўлмаса-да, яхшигина пул олди. Шундоқ ҳам «Лион»да янгиланиш даври бошланяпти ва яримҳимоя Усома Ауар атрофида қурилиши режалаштирилмоқда. «Ливерпуль» Фекир варианти йўқ бўлгач, айнан Ауарга қизиққан, лекин «Лион» таклифни рад қилганди. Ндомбеле ва Фекирнинг сотилиши Ауар туфайли оғриқсиз кечиши мумкин.

«Бетис» эса, аслида бугунги бозор учун арзимаган сумма (19.75 миллион евро + 5-10 миллион атрофидаги бонуслар) эвазига юқори савиядаги футболчини қўлга киритди. Масалан, «Ливерпуль» худди шу пулга янада кўпроқ жароҳат оладиган ҳужумчи Дэнни Ингсни сотишга муваффақ бўлди, «Лион» эса, «Сампдория»дан ҳимоячи Андерсенни сотиб олди. 

Бу трансфер орқали, клуб Жованни Де Чельсодан айрилишга ҳам тайёрлаб қўйди. Маурисио Почеттино бу футболчи билан қаттиқ қизиқиб қолган ва 50-60 миллион евро эвазига уни Лондонга олиб кетишга тайёр. «Бетис» эса, уч баробар арзонроқ нархга иқтидор жиҳатидан ундан кам бўлмаган Фекирни қўлга киритиб бўлди.

Фекирнинг ўзи ҳам бу трансфердан ютиши аниқ. У Лионда ҳафтасига 80 минг евро оларди, «Бетис»да эса, унинг маоши ҳафтасига 150 минг еврони ташкил қилади. Шунингдек, апрелдан бошлаб футболчининг агенти бўлиб отаси – Муҳаммад Фекир ишламоқда. Демак агентлик ҳақлари ҳам «бегона бўлмайди». Яна айтишларича, ушбу трансфернинг яна бир шарти – Набилнинг укаси Яссиннинг ҳам «Бетис»га кўчиб ўтиши экан. У «Лион» сафида 2015 йилдан бери атиги 21 дақиқа майдонга тушган, холос.

Top