15:12 / 30.07.2019
2952

Беларусь республикаси кенгаши раиси Беларусь ва Ўзбекистоннинг савдо қонунчилигини уйғунлаштиришни таклиф қилди

Фото: БелТА

Беларусь ва Ўзбекистон миллий савдо қонунчилигини уйғунлаштириши лозим. Бу ҳақда Беларусь республикаси кенгаши раиси Михаил Мясникович Минскда бошланган Ўзбекистон — Беларусь ҳудудлараро форуми очилиши маросимида фикр билдирди.

У икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Михаил Мясникович "савдо муносабатларини тартибга солувчи миллий қонунчиликларни уйғунлаштириш кераклигини" айтди. 

Мясникович парламентлараро ва ҳукуматлараро комиссияларга Беларусь-Ўзбекистон шартномавий-ҳуқуқий базасини таҳлил қилиш, уни тўлдириш ва фаоллаштиришни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 31 июль — 1 август кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Беларусь мулоқотининг давоми сифатида Минск шаҳрида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. 

Top