Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари ва вазир Агриппина Шин иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири вазирга “оналик таътили 2 йил давом этади, аммо болани мактабгача таълимга жалб қилиш 3 ёшдан бошланади. Ўртада бир йил оналар учун ноқулай пайт, шунга қандай изоҳ берасиз?” дея савол берганида, вазир:
- Бу масала кўпчиликни қизиқтиради, ўзимга ҳам бу саволни кўп беришади. Оналарни тўғри тушунаман, лекин бир нарсани англаб етишимиз керак – бола айнан 3 ёшдан бошлаб таълимга мослашади ва 7 ёшигача асосий ахборотларни қабул қилиб олади. Яна бир жиҳати, ўзи шундоқ ҳам болаларни қамраб олишимиз 40 фоиз атрофида, қабул ёшини 2 ёшга туширсак, бу кўрсаткич янада тушади. Лекин бу 2 ёшдаги болалар умуман қабул қилинмайди, дегани эмас. Давлат-хусусий шерикчилик тизимида, хусусий боғчаларда 2 ёшдан олишга рухсат берилган. Бундан ташқари, оналар бола 2 ёшигача ҳақ тўланувчи таътилда бўлсалар ҳам, бола 3 ёшигача иш ўринларини сақлаб қоладилар. Энг муҳими, қамраб олиш имкониятларимиз кенгайиши билан биз бу масалани қайта кўриб чиқамиз, - дея жавоб берди.