Вазир боғча мудираларини сертификат асосида ишга олиш ҳақидаги саволга жавоб берди
Яқинда Қашқадарёдаги боғчалардан бирида мудира тайинланиши жанжалга сабаб бўлди. Бу лавозимга тайинланишдаги коррупция ва инсон омилини камайтириш учун мактаб директорларидан талаб қилинаётган сертификат тизимини боғчаларга ҳам жорий этиш мумкинми? Вазир Агриппина Шин шу саволга жавобан тегишли магистратура йўналиши очилганини айтди, лекин сертификат ҳақида гапирмади.
Шу йилдан бошлаб, мактаб директори лавозимига тайинланиш учун номзодлар махсус курсда ўқиган ва имтиҳондан ўтиб, менежерлик сертификатини олган бўлиши шарт деган талаб ўрнатилди. Kun.uz мухбири яқинда Қашқадарёнинг Миришкор туманида боғча мудирасини тайинлаш жараёни жанжалга айланиб кетганидан келиб чиқиб, бундай сертификатни боғчаларга ҳам татбиқ қилиш зарурати ҳақида мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг фикри билан қизиқди.
Вазир саволга жавобан кадрларни боғча мудирлигига ўқитиш йўлга қўйилаётганини айтди, лекин сертификат масаласини тилга олмади.
“Биласиз, қонунчиликка кўра, бизда боғчалар мактабгача таълим муассасаси эмас, балки қонунан бирор маблағдан фойда олиш ҳуқуқига эга мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади. Шундан келиб чиқсак, ташкилот директорлари биринчи навбатда менежер, бошқарувчи бўла олиши керак. Афсуски, бизда бошқарувчиларни тайёрлашмайди.
Биринчи маротаба бошқарувчиларни тайёрлаш мақсадида Ломоносов номидаги Москва давлат университетида [Тошкентдаги филиали назарда тутилмоқда – таҳр.] 2023 йил учун магистратура очдик. Айнан мана шу лойиҳадан олинган тажриба асосида кейинчалик ўзимизнинг миллий ОТМлар ҳам кадр тайёрлашни бошлайди. Бизга бошқарувчилар керак. Мактабгача таълим тизимидаги методикалар билан эса мактабгача таълим маълумотига эга методистлар шуғулланади”, – деди у.
Шунингдек, Агриппина Шин анжуманда журналистлар томонидан берилган саволлар кўриб чиқилишини маълум қилди. Аммо айнан сертификатлар орқали боғча директорларини тайинлаш масаласи очиқлигича қолди.
Мавзуга оид
20:40 / 09.07.2024
Агриппина Шин Тошкентдаги Пучон университетига ректор этиб тайинланди
17:53 / 01.08.2023
ИИБ ходимлари маъруза қилган боғча масъуллари жазоландими?
15:36 / 28.07.2023
Президент Учтепа туманида боғча болаларига маъруза ўқиган профилактика инспектори воқеасига тўхталди
17:40 / 27.07.2023