10:12 / 06.08.2019
3741

Таниқли ёзувчи Александр Карлюкевичнинг «Шубуршун ва унинг дўстлари» китоби ўзбек тилига таржима қилинди

Шу йилнинг февраль ойида Агентлигимиз тавсияси билан Беларусь республикасида ҳар йили ўтказиладиган “Халқаро китоб ярмаркаси”га ташриф буюрдик. Бу ташриф нашриётимиз номидан қилинган биринчи сафар эди. Таассуротлар бир олам... Аввало Минск шаҳрини кўпроқ айланиш, кўпроқ диққатга сазовор жойларни кўриб қолиш, зиёрат қилиш эди. Ҳаво совуқлигига қарамай имкониятдан, вақтдан самарали фойдаланиш мақсадида деярли “тинчимадик”. Биз билан бирга “Шарқ” НМИУ бош муҳаррири Аҳрор Ахмедов ва “Шарқ зиёкори” дўкони раҳбари Умид ака Халиков ҳамроҳ эдилар. Ажойиб инсонлар, улардан кўп маслаҳатлар кўникмалар ўргандик.

“ХХVI Халқаро китоб ярмаркаси”. Ўзбекистонимиз номидан ушбу ярмаркага қатнашишимиз белоруслар учун ҳам кутилмаган янгилик эди. Сабаби шу вақтгача китоб ярмаркасига Ўзбекистондан ҳеч ким қатнашмаган эди. Сафар доираси Беларусь республикаси Ахборот вазирлигида кичик учрашув ташкил этилди. Ахборот вазири Александр Карлюкевич тадбирлар сабаб ушбу учрашувга келмаган бўлсалар-да уларнинг ёрдамчилари иштирокида ўтган учрашувда Беларусь матбаа соҳасида кўплаб маълумотларни олишга муваффақ бўлдик. Нашриётларга бориб тажриба алмашдик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига қилган илк ташрифи биз нашриёт ижодий жамоаси учун ҳам қувончли бўлди. Икки давлат ўртаси имзоланган битимлар орасида Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Беларусь Республикаси Ахборот вазирлиги ўртасида оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг борлиги юртимизда фаолият кўрсатаётган барча ноширлар учун катта имконият деб ҳисоблайман. 

Агентлик тарафдан, шахсан агентлик раҳбари Комилжон Исмоилович бошчилигида кейинги бир йил ичида шунчалик кўп хайрли ишлар амалга ошириляптики, ҳатто хабардор бўлишга ҳам улгурмайсан киши. Бугунги кун ноширлари агентлик билан елкама-елка ишлаши, берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда ўз фаолиятларини ривожлантиришлари керак. “...Ҳар икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари, ноширлик ва матбаачилик фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ходимлари иштирокида танловлар, сeминарлар, кўргазма-ярмаркалари ва симпозиумлар ўтказиш режалаштирилган. Ўйлайманки, мазкур Битим ва унда белгиланган режалар ҳар икки мамлакатнинг ахборот соҳаси учун бирдек манфаатли ва самарали бўлади”, - дейди агентлик раҳбари, Комилжон Исмоилович Фейсбукдаги саҳифасида.

Яқинда нашриётимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси буюртмасига асосан Беларусь Ахборот вазири таниқли ёзувчи Александр Карлюкевичнинг болаларга аталган “Шубуршун ва унинг дўстлари” дея номланган китоби ўзбек тилига таржима қилинди ва чоп этилиш арафасида. Ушбу китоб муаллифнинг машҳур асарларидан бири ҳисобланади. Китобни фарзандларингиз билан ўқир экансиз, Беларусь диёрининг дарёлари, ўрмонларига хаёлан саёҳат қиласиз, табиат ғаройиботлари, тарихий воқеалар ҳақида билиб оласиз. 
Ушбу китоб ҳамкорлигимизнинг дебочаси бўлишини ният қилдик. 

Янги ҳамкорлик барчамизга муборак бўлсин!

Реклама ҳуқуқи асосида

Top