18:40 / 07.08.2019
4660

Тошкентда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш мавзуида амалий семинар ўтказилди

Фото: Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказиш ҳамда мавжуд имкониятлар ва кутилаётган натижаларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари бошчилигида 7 август куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорнинг асосий мақсади мамлакатнинг агросаноат тизими мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички имкониятлар асосида интенсив агросаноат тизимини ташкил қилиш ҳамда озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришдан иборат.

Мазкур қарорга асосан, 2019–2021 йилларда:

– республиканинг 8 та, яъни Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 3 млн. тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади;

– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиғими 360 минг тонна бўлган жами 37 та замонавий агрологистика марказлари ташкил қилинади;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича жами 174 та ва озиқ-овқат соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича жами 24 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади;

– мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мавжуд самарасиз боғлар ўрнида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 36 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлигининг республика ҳамда Наманган ва Самарқанд ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини тўлиқ модернизация қилиш ва янги ускуналар билан таъминлаш, озиқ-овқат соҳасида 726 та халқаро стандартларни жорий қилиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қарор мавжуд муаммоларни ҳал этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда самарали интенсив технологияларни жорий қилиш ва соҳани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган бўлиб, қуйидаги натижаларга эришишга хизмат қилади:

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажмларини қарийб 2-2,5 баробарга ошириш;

- агрологистика марказларини ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақлаш қувватлари 3,8 млн. тоннага етказилади;

- қўшимча 118 минг тонна импорт ўрнини босувчи озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилинади;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш учун йилига

876 минг тонна қувватга эга бўлган янги корхоналар ишга туширилади.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 500 дан ортиқ мутахассислар, хусусан соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар, ҳудудий ҳокимликлар билан бир қаторда, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом ривожланиш банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Европа иттифоқи, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) сингари халқаро ташкилотлар ва ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари иштирок этишди.

Семинар кун тартибига кўра, соҳада кутилаётган ислоҳотлар тўғрисида қишлоқ хўжалиги вазири, инвестиция маблағларини жалб қилиш бўйича инвестиция ва ташқи савдо вазири ҳамда агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бош директори, Халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, ОТБ) Ўзбекистондаги вакиллари маърузалари тингланди.  

Шунингдек, семинар доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги техникаси кўргазмаси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф ташкил этилди.

Top