20:59 / 12.08.2019
26554

Туркманистон президенти Aurus машиналарини сотиб олиш истагини билдирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Aurus қаторига кирувчи машиналарни сотиб олиш истагини билдирди. Бу ҳақда Туркманистон раҳбари Туркманбошида ўтаётган Каспий иқтисодий форумида Россия томонидан ташкиллаштирилган люкс автомобилнинг тақдимотидан кейин айтди. 

Бердимуҳамедов “Аурус Сенат” кабриолети билан танишган ва шундай машинани ўз давлатида парадларда қўллаш учун буюртирган. Машинани Бердимуҳамедовга Россия бош вазири Дмитрий Медведев таништирган.

Бир кун аввал эса Бердимуҳамедов қора рангдаги “Аурус Сенат” билан таништирилганди.

Туркманистон президенти Медведев билан суҳбатда машинанинг оқ рангига эътибор қаратган. Гап шундаки, 2018 йил январдан Туркманистонда оқ рангдан бошқа рангдаги машиналардан фойдаланиш тақиқлаган. 

Фото: РИА Новости /Дмитрий Астахов

Медведев Туркманистон етакчисига ушбу моделдаги автомобилни 2021 йилда Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилажак парадда қўллашни таклиф қилган. “Икки йилда машинани тайёрлашга улгура оласизми?”, деб қизиққан Бердимуҳамедов Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтуховдан. Айнан Евтухов машинанинг кўздан кечирилиши вақтида делегацияларни қизиқтирган саволларга жавоб берган. Евтухов ушбу муддатда машина тайёр қилинишига ваъда берган.

Туркманистон етакчиси автомобилнинг чиройли кўриниши, яхши салони, катта радиатор панжарасини устун жиҳатларига киритган. 

“Хавфсизлик, тез ёрдам учун, агар керак бўлса мотоциклетларини, бутун комплектни сотиб олган бўлардик”, деб айтган Бердимуҳамедов.

Фото: РИА Новости /Дмитрий Астахов

Айни вақтда Aurus учта кузов тури – седан, лимузин ва минивэн кўринишида ишлаб чиқарилади. Россия мудофаа вазирлигининг махсус буюртмасига кўра учта кабриолет ҳам тайёрланган. 

Top