23:18 / 13.08.2019
4128

“Рақамли ишонч” жамғармаси қишлоқларда лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликка чорлайди

«Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси “Бир қишлоқ – бир маҳсулот” тамойили асосида интеллектуал ривожланган инфратузилма илк лойиҳасини ишга туширмоқда. 

Лойиҳа қишлоқларда кичик интеллектуал-ишлаб чиқариш ва автоном инфратузилмаларни қуришни кўзда тутиб, улар қуёш коллекторлари, иссиқхона ва балиқ жўжаликлари, сув таъминоти тизимларини ўз ичига олади.

Лойиҳани Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида жойлашган Пахтазор қишлоғида амалга ошириш режалаштирилган.

Яратиладиган инфратузилма захираларни тежаш ва юқори сифатли экологик тоза маҳсулотларни олиш учун мавжуд технологик ечимлардан максимал фойдаланади.

Фермер хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ягона онлайн-портал ишлаб чиқилиб, унда фермерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиши ҳамда бутун дунёдан мутахассислар маслаҳатларини олишлари мумкин бўлади.

Портал, шунингдек, маҳсулотни онлайн-режимда сотиш имкониятига эга қишлоқ хўжалик-маркетплейс вазифасини бажаради. Бу эса мижозларни излаш жараёнини анча оптималлаштиришга имкон беради.

Жамғарма шу мақсадда инвесторларни ҳамкорлик қилишга таклиф қилади ва бепул ҳуқуқий кўмак кўрсатишга ваъда беради. Шунингдек, жамғарма қуйидагиларда ҳам амалий ёрдам кўрсатади: 

1. Технологияларнинг хусусиятлари ва устунликлари ҳақида маълумот олиш. 

2. Шартномаларни тайёрлаш, рухсат берувчи характердаги ҳужжатларни олиш.

3. Сўралаётган ҳудуд ва инфратузилма учун барча ҳисоб-китобларни амалга ошириш.

4. Ускуналарни етказиб бериш ва ўрнатиш.

Таклиф қилинаётган лойиҳалар билан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги сайтида батафсил танишиш мумкин.

Top