14:40 / 25.08.2019
5498

Ўзбекистонда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 40,5 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган

Мактабгача таълим вазирлиги ходимларининг «Август кенгаши»да 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи сезиларли ошгани ҳақида маълум қилинди.

«2017 йили 3-7 ёшли болалар республика бўйича 2 миллион 500 мингга яқин бўлиб, улар учун фаолият юритган мактабгача таълим муассасалари 4 минг 940тани ташкил этган эди. Бу республика бўйича қамров 27 фоиз бўлганини англатади.

Қисқа муддат давомида бола сони 2 миллион 700 мингга ошгани қамров бўйича ҳаракатларимизга ҳам таъсир қилди. Ҳозир уларнинг 1 миллион 66 минг нафари, яъни 40,5 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига боради», дейди Мактабгача таълим вазири биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов.

Унинг қайд этишича, Мактабгача таълим вазирлиги энди фақат болалар қамровини ошириш билан эмас, балки самарадорликка эришиш билан ҳам шуғулланиши керак.

Бу борада вазирликнинг олдида турган энг асосий вазифалар назорат – таҳлил – ташхис формуласидан фойдаланган ҳолда тизимда ишловчиларнинг салоҳиятини, иш самарадорлигини ошириш, давлат мактабгача таълим ташкилотлари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига методик ёрдам кўрсатиш билан амалга оширилади.

«Бугунги кунда республика бўйича мактабгача таълим ташклотларининг 40 фоиздан ортиғи нодавлат таълим муассасалари ҳисобланади. Уларнинг иш самарадорлигини таъминлаш учун методистлар ва бўғиндаги барча ходимлар масъул бўлиши керак», дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Top