31 июл куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари билан ўтган матбуот анжуманида ички ишлар ходимларининг боғча тарбиячиларига панд-насиҳат қилгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирилди.

Вазирлик ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фаррух Бобоевнинг айтишича, бундай тарғибот тадбирлари махсус жойларда ўтказилиши белгиланган, учрашувнинг гуруҳда ташкил қилиниши хато бўлган. Шу сабаб ҳолат юзасидан боғча мутасадди раҳбарларига тегишли чора кўрилган.

“Ёзги соғломлаштириш даврида айнан 6 ёшли мактабга тайёрлов гуруҳларида йўл қоидаларини ўргатиш, ҳарбийлар билан учрашиш, уларни она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида шунақанги дастурларимиз бор. Шу йўналишда мактабгача таълим ташкилотида учрашув тўғри ташкил этилмаган. Айнан ҳар бир боғчамизда йўл-ҳаракати қоидаларини ўргатувчи марказларимиз мавжуд. Бу учрашув айнан шу марказда эмас, гуруҳда ташкил этилгани учун мутасадди раҳбарларига тегишли чора кўрилди. Ўша кунги тадбир бир вақтнинг ўзида бутун республикада ташкил этилган.

Болажонларимизга йўлдан ўтиш қоидалари қандай эканини кўргазмали қилиб видеороликлар орқали кўрсатиш кўзда тутилган. Аслида [ўша тадбирнинг] мақсади шу бўлган. Фақат ўша боғчамизда бироз нотўғри талқин қилингани учун тегишли раҳбарларга чора кўрилди”, – дейди Фарҳод Бобоев.

Агентлик матбуот хизматининг Kun.uz'га аниқлик киритишича, Учтепа туманидаги бу боғчанинг мудираси ва услубчисига тадбир нотўғри ташкил қилингани учун интизомий чора қўлланган.

Аммо Kun.uz боғланган Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси матбуот хизматига кўра, боғчада ҳеч кимга чора кўрилмаган.

“Биринчидан, чора кўриладиган ишнинг ўзи бўлгани йўқ. Ҳолат юзасидан ўша вақтнинг ўзида муносабат билдирилган. Боғча мутасаддилари, мудирага аниқ дастур, режа асосида тадбир ўтказиш топшириғи берилган. Бундай майнавозчилик қилинмаслиги айтилган, бўлди. Энди бу – ички ишлар [ходимларининг] савиясидан келиб чиқиб айтилган гаплар.

Бизда иш бир маромида кетяпти. Ўша куни ички ишлар ходимлари совға-салом олиб бориб, кейин болалар билан суҳбатда оқни оқдан, қорани қорадан ажратиш ҳақида гапирган. Бор гап шу”, – деди бошқарма матбуот котиби Эркин Холбобоев.