Боғчадан тортиб университетгача давом этадиган ватанпарварлик тадбирларининг нега самараси паст? Нима учун болаларга потенциал жиноятчига қарагандек қаралади, ўсмирлик инқирози эса тарбиясизлик деб баҳоланади? Психологлар Kun.uz билан суҳбатда таълимдаги бола руҳиятига эътибор масаласида сўз юритди.

“Оқни оқдан, қорани қорадан ажратиб олиш керак. Қилаётган ишнинг оқибатини ўйлаш керак”. Куни кеча ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари мана шундай панд-насиҳатлар билан боғча болаларига маъруза қилаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Гап шундаки, болаларнинг хавфсизлигига қаратилган бундай тарғибот тадбирлари ўтказилиши лозим, лекин бундай услубда эмас. Хўш, ўзи аслида бу каби тарғибот тадбирлари қай тарзда ташкил этилиши керак? Умуман, Ўзбекистонда бола психологиясига муносабат қандай? Ўсиб келаётган авлод билан тил топиша олмаслик қандай оқибатларни юзага келтириши мумкин?

Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволларга психологлар Розалия Габдулҳакова ва Сайёра Азларовадан жавоб олди.

— Ички ишлар ходимларининг боғча болаларига «тушунтириш ишлари» олиб бораётган видеоси тарқалди. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

Розалия Габдулҳакова: Боғча боласининг ИИ ходимлари билан учрашуви ёмон эмас, чунки уларда ички ишлар ходимларига нисбатан ишонч уйғониши керак. Лекин бунда ҳам олдин боғча тарбиячилари “милиция” ходимларидан ёмон образ шакллантириб қўймаган бўлиши керак.

Розалия Габдулҳакова

Ижтимоий тармоқларда кулги остига олинган видеодаги гапларни ёш болалар тушунмайди. Эслаб қолмаган ҳам. Бу ёшдаги болаларга тушунтирилмоқчи бўлган нарсалар, масалан, кўчадаги хавфсизлик, баъзи ҳолатларда ўзини қандай тутиш кабиларни амалий тарзда, ўйинлар билан ўргатиш керак. Фақат гапиришнинг ўзи билан болаларга тушунтириб бўлмайди, бу нарсалар уларнинг хотирасида ҳам қолмайди. Чунки боланинг диққати чегараланган бўлади, шунга улар узоқ эътибор бериб тинглай олмайди. Эътибор берган бўлсангиз, видеодаги болалар ҳаммаси шунчаки жим ўтириш учун чидаб ўтиришибди, холос. Уларнинг барчасининг хаёллари тарқоқ.

Сайёра Азларова: Боғча ёшидаги болаларда етакчи фаолият тури асосан ўйинлар бўлади. Шунинг учун ҳам уларга бирор бир маълумотни етказиш учун ҳам мана шу етакчи фаолият турига қараш керак. Яъни бола 7-8 ёшдан бошлаб вазиятларга ахлоқий баҳо беришни бошлайди. Унгача эса ахлоқ тушунчасининг ўзи бўлмайди. Яъни бирор бир қадрият, ахлоқий тизим деган нарсани шу ёшдан кейин тушунишни бошлайди. Бола учун бирор нарсани яхши ёмон, оқ-қора деб ажратиш етарли эмас, буни амалий шаклда кўрсатиб бериш керак.