08:46 / 28.08.2019
5909

Бразилия Буюк Британиянинг Амазония учун ёрдамини қабул қилишга рози бўлди 

Фото: REUTERS

Бразилия ташқи ишлар вазири Эренсту Араужу ҳукумат номидан Буюк Британиянинг Амазониядаги ўрмон ёнғинларига қарши кураш учун ажратган ёрдамини қабул қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Globo нашри хабар берди. 

Маълум қилинишича, Араужу 27 августда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, унинг давомида Лондоннинг 10 млн фунт стерлинг (12 млн доллар) миқдоридаги ёрдами таклифини олди.

Шунингдек, Бразилия ҳукумати матбуот котиби Отавиу Регу Баррус мамлакатининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан Амазониядаги ёнғинлар ва ўрмонлар кесилишига қарши молиявий ёрдамини Бразилия бу маблағларни ўзи мустақил равишда бошқариши шарти билан қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.   

Аввалроқ Бразилия Франция президенти Эммануэль Макрон ёнғинларга қарши кураш учун таклиф қилган, “Катта еттилик”нинг 20 млн евролик ёрдамини қабул қилишдан бош тортганди. Бунга эса Бразилия президенти ва Макрон ўртасидаги зиддият сабаб бўлган. 

Маълум қилинишича, январдан августгача ёнғинлар оқибатида Амазония ўрмонларининг Бразилияда жойлашган 1,8 млн гектари йўқ бўлган. Бундан ташқари, ўрмонлар ноқонуний кесилиши оқибатида уларнинг майдонлари ҳар йили минглаб километрларга қисқариб бормоқда.  

Амазония ўрмонлари “сайёрамиз ўпкаси” деб аталади, чунки у ерда сайёрамиздаги умумий кислороднинг 20 фоизи ишлаб чиқарилади.

Ўтган ҳафта Бразилия президенти Жаир Болсонару Амазония ўрмонларини ўчириш учун армияни жалб қилишга рухсат берувчи фармонни имзолади. Айни вақтда  ёнғинларга қарши тадбирларда 43 мингдан кўпроқ ҳарбий иштирок этмоқда. 

Top