13:52 / 29.08.2019
0
4399

«Ўзмиллийбанк» Тошкент вилояти бўйлаб навбатдаги пресс-турни ўтказди

Фото: KUN.UZ

21 август куни Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки журналистлар билан биргаликда Тошкент вилоятидаги ишлаб чиқариш объектлари бўйлаб пресс тур ташкил қилди. Бундан кўзланган мақсад банк маблағлари ҳисобига тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида кенг жамоатчиликка хабар беришдир. Пресс тур иштирокчилари вилоятдаги қатор корхоналарга ташриф буюриб, тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Журналистлар аввалига Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги сархил мевалардан шарбат тайёрлаб қадоқловчи «Master Global Plyus» МЧЖ иш жараёни ҳақида маълумот олишди. Корхона молиявий директори Суннатилла Усмонов банк ажратган маблағлар туфайли ишлаб чиқариш қуввати, ишчилар сони оширилганлиги бўйича ахборот берди.

«Корхонамиз 2011 йилда ўз иш фаолиятини бошлаган. «Dolce Fresh», «Safir» брендлари остида 11 турдаги шарбатлар тайёрлаш билан бир қаторда сутни ҳам қадоқлаймиз. Ишлаб чиқариш жараёни йил бўйи давом этади. «Ўзмиллийбанк» томонидан ажратилган мақсадли маблағ эвазига ишлаб чиқариш қувватини ошириб, экспортбоп маҳсулот етказиб бериш ниятидамиз,» – дея маълумот берди Усмонов.

Пресс-турнинг кейинги манзили Зангиота туманида жойлашган «Vahobjon qurilish MCHJ» типография корхонаси томон бўлди. 2014 йилдан буён фаолият олиб бораётган ушбу корхона ичимлик, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший буюмлар, дори ёрлиқларини ишлаб чиқаради. Унинг йиллик қуввати 500 миллион дона ёрлиқлардан иборат. Ўтган йили «Ўзмиллийбанк» томонидан берилган сармоя ҳисобидан корхона ускуналари модернизация қилинди. Ўз навбатида иш унумдорлиги ҳам ошиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. Айни пайтда бу ерда 20 нафар ишчилар меҳнат қилишади.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари ва «Ўзмиллийбанк» вакиллари «LUKBO TEXTILE» тўқимачилик фабрикаси фаолияти билан танишиш учун Чирчиқ шаҳрига йўл олишди. Корхона раҳбари Маҳаммаджон Қурбонов шарт-шароитлар, истиқболдаги режалар ҳақида гапириб ўтди.

«Тўқимачилик фабрикаси 2014 йилда ташкил топган. «Ўзмиллийбанк» берган молиявий маблағларни тўғри йўналтирган ҳолда ўтган йили корхонанинг иккинчи тармоғини ишга туширдик. Швецария, Япония ва Германиядан замонавий технологияларни келтирдик. Корхонада ип-калава маҳсулоти чиқарилади. Бу ерда 1500 дан ортиқ ишчилар меҳнат қилади. Биз, асосан, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Россия, Украина, Германия, Чехия давлатлари бизнинг харидорларимиз ҳисобланишади. Келажакда пахта толасидан тортиб кийим ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ тўқимачилик жараёнини ўзимиз амалга оширишни режалаштиряпмиз».

Умумий қилиб айтганда, мамлакатимизда қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантириш учун кенг масштабдаги шароитлар яратиб берилган. Бунда «Ўзмиллийбанк»нинг ҳиссаси юқори.

«Ўзмиллийбанк» Матбуот хизмати

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top