11:14 / 02.09.2019
7
24915

«Газ бор, сув бор, электр бор. Битта шуми муаммо? Бўлди, ҳал қиламиз». Хонқа ҳокими тумандаги муаммоларга изоҳ берди

Яқинда таҳририятимизга Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаат намунали уйларда яшовчи фуқаролар эътирози ва туман марказида амалга оширилиши режалаштирилган «снос» масалалари бўйича эди.

Тумандаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг айтишича, улар намунали уйларга 2017 йилнинг октябрь ойида кўчиб келишни бошлашган. Ўша вақтда фарзандлари учун болалар майдончаси қурилиши ҳам белгиланган. Шундан буён туман ҳокимлиги ва бир нечта ташкилотга бу ҳақда мурожаат қилишган.

«Ҳар сафар мажлисда дардимизни айтсак ёзиб олишади. Лекин бундан фойда йўқ. Нолимаймиз, уйларимиз, яшаш шароитимиз яхши. Аммо фарзандларимиз бетон ётқизилган кўчада ўйнашмоқда. Йиқилиб қаттиқ жароҳат олишмоқда. Яқинда бирининг қўли синди, бошқасининг оёғи жароҳатланди.

Яна кўчамизнинг бир неча ўн метрдаги йўлига шағал ташланган, бироқ иш охиригача етказилмаган. Асфальт қопланмаган. Шундай қолиб кетди. Камига биз яшайдиган ҳудудда на маҳалла гузари, на сартарошхона ва на бошқа аҳоли учун зарур бўлган масканлар бор. Ҳокимиятга борсангиз муаммолар ҳал бўлмайди», - деди маҳалла оқсоқоли фуқаролар номидан.

Бундан ташқари, исмини ошкор қилмасликни сўраб туман марказида яшовчи бир неча фуқаро туман марказида режалаштирилаётган «снос» ва таъмирга муҳтож бозор масаласида ҳокимликдан изоҳ олиб беришни сўрашди.

Юқоридагиларга тушунтириш олиш мақсадида туман ҳокими Оманбой Жуманазаров билан боғландик.

«Маҳаллангизда болалар майдончасини қураман деган тадбиркор борми? Агар шундай тадбиркор бўлса, ер ажратиб берардик, масала тез ҳал бўлиб ўйингоҳ қурар эди.

Маҳаллангизда йўллар тузатилган, газ бор, сув бор, электр бор. Тўғрими? Йўлларингиз бетонлаштирилган, асфальтланган. Шаҳардан кам жойи йўқ. Битта муаммо шуми? Уни ҳам қилиб берамиз», дейди туман ҳокими.

Маҳалла раиси бундай гаплар доим такрорланишини айтиб, ўз эътирозини билдирди.

«Ота-онамиз ўн фарзандни тарбиялади. У пайтлар бошқа эди. Мен акамнинг йиртилган кийимини ямаб киярдим. Мендан кейин укам кийди. Отам ҳаммамизни бир вақтда кийинтира олмасди. Сиз ҳам уч фарзандни шундай кийинтира олмасангиз керак?

Муаммони ҳал қилиш учун иқтисодий ва бошқа тарафлардан ёрдам олишимизга  озгина муддат керак бўлади. Маҳаллангиздан бирорта тадбиркор чиқса, муаммо тезда ҳал бўларди», - дейди унга жавобан ҳоким.

Шундан сўнг мурожаатчи фуқаро барча шароитлар етарли эканини таъкидлади, лекин юқоридаги муаммолар тез орада барҳам берилишида ҳокимдан ташаббус кўрсатишни илтимос қилди.

Ҳоким охиригача битказилмаган ер масаласига тўхталиб, унга туташ ҳудудда қурилиш ишлари бошлангани, агар ўша ер асфальтланса ҳам тезда ёмон ҳолатга келишини айтди. Қурилиш ишлари якунлангач, у ерда қолиб кетган йўл ҳам таъмирланишини тушунтирди. Болалар ўйингоҳи масаласида алоҳида ер ажратилишини ҳоким шахсан назоратига оладиган бўлди.

Ҳоким бозор муаммосига тўхталар экан, расталар етарли эканини айтиб, фуқароларга алоҳида ажратилган махсус жойларда маҳсулотини сотаётган сотувчилардан савдо қилишни тавсия берди. Бозорнинг айрим жойларида қурилиш ишлари режалаштирилгани ва бу ҳам маблағ масаласи ҳал этилгач, ўз ўрнига тушиб кетиши билдирилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, туман марказидаги Ал-Хоразмий кўчаси атрофида 154та уй «снос»га тушган. Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича ўша уйларда яшовчи фуқароларга огоҳлантириш хатлари берилган. Ҳозирда баҳоловчи ташкилотлар томонидан уйни баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда. Кейин мулклари учун компенсация пули тўланади. Келишув шартномаси тузилгач, уларга ер ҳам ажратилади. Агар фуқаро рози бўлмаса, ўша ернинг ўзида қуриладиган уйлардан ҳам белгиланган баҳода олиши мумкин бўлади. Бунинг учун аввал белгиланган ҳужжатлаштириш ишлари тугаши талаб этилади.

Президент халқ билан амалдорлар қандай ишлаши лозимлиги, уларнинг дард-у ташвиши билан куйиб яшаш кераклиги, уларнинг муаммолари ижобий якун топишида ташаббус кўрсатишларини талаб қилмоқда. Тан олиш керак, халқ ва амалдорлар ўртасидаги кўринмас девор секин-асталик билан йўқолиб бормоқда. Баъзи мансабдор шахслар бу сиёсат мазмунини англаб етган бўлса, англаб етмаётганлари ҳам бисёр, афсуски.

Агар мансабдор шахс бир муммони ҳал қиламан деб чин дилдан уринса, бунга албатта эришмоқда. Баҳона қиламан деса, бунга ҳам эришмоқда. Лекин бир нарсани барчамиз унунтмаслигимиз керак. Инсон манфаатлари барчасидан устун туради. Туман ҳокимидан ҳам юқоридаги муаммолар бартараф этилишида ўз ҳиссасини қўшишини кутиб қоламиз.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирраҳимов Мирвоҳид тасвирчи

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top