«Халқаро тўқимачилик кунлари - 2019» ташкиллаштирилиши Ўзбекистонга нима учун керак?
10-14 сентябрь кунлари Тошкентда «Халқаро тўқимачилик кунлари - 2019» («Global textile days Tashkent - 2019») доирасида бир қанча тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси ходимлари ва лойиҳа масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, 9-11 сентябрь кунлари АҚШ, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлардан ташриф буюрадиган пахтачилик саноати экспертлари иштирокида «Пахтани илмий тадқиқ этиш ва ишлаб чиқишнинг Осиё тармоғи 8-кенгаши» бўлиб ўтади. Унда экспертлар пахтачилик саноати бўйича энг сўнгги изланишларини намойиш қилиши кутилмоқда.
«Уч кун давом этадиган ушбу илмий кенгашда биз ўзимиз учун янги ривожланиш йўлларини ўрганишимиз мумкин. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари, Пахтачилик институти ҳамда кластерларимиздан вакиллар ҳам иштирок этиши кутилмоқда», - дея маълумот берди «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров.
Кейинги йирик тадбир – Халқаро тўқимачилик анжумани 10 сентябрь куни ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Анжуманда текстиль саноатининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, турли мамлакатлар мутахассислари ҳамкорлигини кенгайтириш йўлларини ўрганиш ва инновацион лойиҳалар билан танишиш режалаштирилмоқда.
Унда Германия, Швейцария, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Япония, Бангладеш, АҚШ, Франция, Россия, Миср ва қўшни давлатлардан ҳам вакиллар иштирок этади.
«19 йил олдин - 2000 йилда биз биринчи Халқаро пахтачилик конференциясини ўтказган эдик. Шунча йилдан сўнг биз фақат пахтачиликдан Халқаро тўқимачилик конференциясини ўтказа олиш даражасига етдик.
Гарчи бу муддат бирмунча узоқ бўлса-да, бугун Ўзбекистон нафақат пахтачилик саноати билан, балки текстиль соҳаси бўйича ҳам танилмоқда», дея ушбу анжуманнинг ўтказилиши босқичлари ҳақида маълумот берди «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров.
Шунингдек, ҳафталик давомида 11-13 сентябрь кунлари Тошкент тўқимачилик машинасозлиги кўргазмаси (Tashkent Textile Machinery Exhibition - TTME) ҳам ташкиллаштирилиши кутилмоқда.
TTME кўргазмаси экспозицияси «Ўзэкспомарказ»нинг 3-4-павильонларини эгаллайди. Унда Хитой, Жанубий Корея, Польша, Португалия, Туркия, Япония ва бошқа бир қанча давлатларнинг тўқимачилик ва тикув ускуналарининг таниқли брендларини ишлаб чиқарувчи 100дан ортиқ вакиллар қатнашади.
Унда йигирилган ипдан то тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган бутун ишлаб чиқариш занжири учун зарур тўқимачилик машинасозлиги ва технологияларининг янгиликлари ишлаш жараёнида намойиш этилади.
Бундан ташқари, 12 сентябрда модалар ва маҳаллий ҳамда хорижий дизайнерларнинг саноат тўпламлари намойиши (Ready-to-Wear Fashion Show) ҳам ўтказилади.
Ушбу тақдимотда энг сўнгги модадаги кийим-кечаклар турли хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан намойиш қилинади.
«Ўзтўқимачисаноат» раиси Илҳом Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда тўқимачилик саноати кучайган бўлишига қарамай маҳсулотларни сотиш - алоҳида масала.
«Ушбу анжуман ва кўргазмалар давомида биз ўз маҳсулотларимизни намойиш қилиш орқали нафақат қўшни давлатлардан, балки Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Россия каби давлатлардан ҳамкорлар топишни режалаштиряпмиз.
Ўртача ҳисоб-китобларга кўра, ушбу кўргазмалар давомида бир неча юз миллион долларлик шартномалар имзоланади. Дунёда кундан кунга рақобат кучайиб бораётган бир пайтда олдимизда турган биринчи масала ҳамкор топиш билан боғлиқ бўлиб қолмоқда», - дея Илҳом Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълумот учун, кўргазмалар ва конференциялар «Ўзтўқимачисаноат», Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги бўйича агентлик ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
20:58 / 19.09.2024
Марғилонда “Атлас байрами” халқаро фестивали бошланди
10:20 / 19.09.2024
Италияда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи очилди
12:14 / 31.08.2024
Самарқанд икки йирик тўқимачилик ассоциациясининг қўшма конференциясига мезбонлик қилади
15:31 / 20.08.2024