Ўзбекистон | 14:33 / 07.09.2019
9968
2 дақиқада ўқилади

Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари кенгайиши кутиляпти

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2019 йил 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала - “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.

Лойиҳа ташаббускорлари қонун лойиҳасига бир қатор янги нормалар, тушунчалар ва моддалар киритишган. Хусусан, катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, соҳада давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари, таълимда экспериментал, инновацион фаолият билан боғлиқ йўналишлар деган мутлақо янги норма ва тушунчалар шулар жумласидандир. 

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида синовдан ўтган мукаммал нормалар сақлаб қолинган ҳолда, таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлигини кенгайтиришни назарда тутувчи янги нормалар ва бошқа тушунчалар ўз аксини топмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, соҳа ишини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратади. Айниқса, фуқароларнинг хорижда таълим олиши, чет элда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши, шунингдек, илк бор мамлакатда бутун умр таълим концепциясининг киритилиши каби масалаларнинг қонун лойиҳаси нормаларида илгари сурилиши таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.

Мавзуга оид