19:59 / 10.09.2019
0
4091

Ўзбекистонда 46 минг нафар инсультга чалинган беморлар реабилитацияга муҳтожлиги маълум қилинди

Бугун, 10 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Россия экспорт маркази» АЖ ҳамкорлигида «Реабилитология: эришилган ютуқлар, муаммолар, истиқболлар – 2019» мавзусида I миллий Республика конференцияси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, тадбирда беморларни реабилитация қилиш бўйича Россиянинг энг сўнгги рақамли компьютерлаштирилган тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон реабилитация саноатини ривожлантириш концепцияси тақдим этилди.

Мазкур тизим Россия фанлар академияси академиги Константин Лядов раҳбарлигидаги илмий гуруҳ бошчилигида «МедИнвестГрупп» компанияси иштирокида ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда ушбу ишланмани неврология, кардиология, травматология йўналишларида амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Анжуманда маълум қилинишича, республикада ҳар йили 46 минг нафар инсультга чалинган, 13 минг нафарга яқин бош мия жароҳатини олган беморлар реабилитацияга муҳтож сифатида қайд этилади. Шундай ҳолатда истиқомат қилаётган ногиронлар сони эса 700 минг нафардан иборат. Айни пайтда амалдаги реабилитация марказлари йилига атиги 20 минг нафар беморга хизмат кўрсатади. Шу боис, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 августда қабул қилинган «Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ушбу соҳада жаҳондаги энг яхши тажрибани ҳисобга олган ҳолда реабилитация тизимини комплекс тарзда ислоҳ қилиш режалаштирилган.

Конференция давомида россиялик олимлар рақамлаштириш бўйича жаҳондаги энг долзарб ишланмаларга асосланган тизимни тақдим этишди. Муқобили бўлмаган мазкур комплекс тизим кўп сонли беморларни тез, самарали ва энг кам харажатлар билан реабилитация қилишни ташкиллаштириш имконини туғдиради. Шунингдек, беморлар билан ишлашда ходимлар тақчиллиги муаммосини бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Тиббий ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёни ҳам автоматлашган. Беморни тиклаш жараёни эса россиялик мутахассислар томонидан яратилган ва Россияда ишлаб чиқарилган махсус компьютерлашган тренажёрлар тўплами ёрдамида амалга оширилади. «Россия экспорт маркази» ушбу лойиҳани молиялаштиришда кўмак беришга тайёр экани айтиб ўтилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top