23:50 / 11.09.2019
34
22503

Актам Хайитов қишлоқ хўжалигидаги янги 10 йиллик стратегия ҳақида: «Тан олиш керак, биз шу пайтгача соҳада режасиз ишлаб келдик»

Кеча, 10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мутасаддилар «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

Тадбирда Республика бўйича экиладиган экинларни тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан умумий режалаштирилмаслиги натижасида қишлоқ хўжалиги экинларининг нарх-навоси борасида ҳар йили турлича ҳолат юзага келиши, шу сабабли, деҳқонларнинг кўпчилик ҳолатда иқтисодий зарар кўриши ҳамда қачондан экинларни тўғри режалаштириб экиш ишлари бошланиши борасида савол билан мурожаат қилинган.

«Бир неча кун аввал Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида кейинги 10 йилликка мўлжалланган дастур биринчи бор муҳокамага қўйилди. Тўғрисини айтиш керак, шу пайтгача соҳада аниқ стратегия ва режанинг ўзи бўлмаган. 

Шу йилнинг 1 октябрига қадар кенг халқ муҳокамасига қўйилган ва тўлдириладиган мазкур дастур асосида эндиликда соҳада аниқ режа асосида ишланади. Ўйлайманки, режалаштириш борасида саволингизга мана шу дастур тўла ечим бўла олади», - дея Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top