22:22 / 15.09.2019
0
8092

Саудия НҚЗларига дронлар ҳужумидан сўнг таҳлилчилар нефть нархи баррелига 100 долларгача кўтарилишини айтишмоқда

Фото: Hamad I Mohammed / Reuters

Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар воситасида ҳужум уюштирилганидан сўнг биринчи савдо кунидаёқ нефть нархи баррелига 5–10 долларгача ошиши мумкин, дея таъкидлашмоқда Reuters томонидан ўтказилган сўровда таҳлилчилар.

Агар Саудия Арабистони тез муддат ичида нефть етказиб беришни тиклашмаса, узоқ муддатли истиқболда нефть нархлари бир баррелига 100 АҚШ долларигача ошиши мумкин, дейишмоқда улар.

Агентликнинг манбалари аввалроқ Saudi Aramco заводларига дронлар ҳужумидан сўнг нефть етказиб беришнинг тўлиқ қувватига эришиш учун Ар-Риёдга ҳафталаб муддат зарур бўлишини айтиб ўтишган эди.

Rapidan Energy консалтинг фирмаси президенти Боб Макналлининг айтишича, бир ҳафталик узилиш даврида нефть нархи баррелига 15–20 долларгача ошишиши мумкин, агар тиклаш ишларига бир ой кетса, нарх уч хонали сонда ифодалана бошлайди.

Onyx Commodities ҳамраиси Грег Ньюманнинг ҳисоблашича, 16 сентябрь куни Brent маркали нефтнинг фьючерс савдоларидаги нархи баррелига 7–10 долларга ошади. Айниқса, таркибида олтингугурт миқдори юқори бўлган мазут нархи сезиларли тарзда ошади, деди у.

Eurasia Group вакили Айҳам Комилнинг айтишича, агар Saudi Aramco объектларига етказилган зарар жиддий бўлиб чиқса, нарх 10 долларгача ошиши мумкин. Бундан ташқари, юз берган воқеа Саудия компаниясининг IPO’га тайёргарлигини мураккаблаштириб юбориши мумкин.

«Нефть ишлаб чиқаришни айни пайтда Саудия арабистонида қазиб олинаётган жами миқдорнинг ярмигача, жаҳон кўрсаткичларининг 5 фоизигача — суткасига 5 миллион баррелгача қисқартириш тарихий нуқтаи назарда жуда улкан кўрсаткичдир. Бир неча ҳафтадан сўнг бу бозорга ўз босимини ўтказа бошлайди», — дейишмоқда ELS Analysis’дагилар.

JPMorgan’дагилар қисқа муддатли истиқболда нефть нархи баррелига 3–5 долларга ошиши, кейинги бир неча ой давомида баррелига 80–90 долларга етишини тахмин қилишмоқда. 13 сентябрь, жума куни Brent маркали нефтнинг нархи баррелига 60 доллар атрофида бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрга ўтар кечаси Saudi Aramco’нинг мамлакат шарқидаги Абқайқ ва пойтахт Ар-Риёд шарқидаги Хурайс объектларида ёнғин келиб чиққан. Кейинроқ шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига мансуб яманлик қўзғолончи-ҳусийчилар Саудиянинг икки НҚЗига уларнинг жангарилари ўнта учувчисиз учар қурилма ёрдамида ҳужум қилганини тан олишди. Саудия компанияснинг бош директори Амин Ҳассан ан-Носирнинг сўзларига кўра, Saudi Aramco суткасига нефть қазиб олишни 5,7 млн баррелга қисқартирган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top