Учар электрокар
Хитойнинг Guangzhou Automobile Group (GAC) компанияси ҳам йўлда юрадиган, ҳам уча оладиган электромобил прототипини тақдим қилди. Бу ҳақда Nikkei хабар бермоқда.

GOVE деб номланган электромобил исталган вақтда учиш режимига ўтиш учун дрон ва қўниш мосламаси билан жиҳозланади.
Лойиҳа муаллифлари ҳозирча GOVE нархи ва ишлаб чиқариш вақтини ошкор этмаган. Компания фақатгина янгиликнинг тижорат мақсадларида чиқарилиши “узоқ вақт олишини” таъкидлаган.
Telegram'да stories'лар
Telegram мессенжерида янги функция – Stories'лар (ҳикоялар) пайдо бўлади. Илова асосчиси Павел Дуровнинг айтишича, бу билан тармоқ янада ижтимоийлашади.
Маълум бўлишича, янги функция чатлар рўйхатининг юқори қисмида жойлашади. Шунингдек, ҳикояларнинг махфийлиги сақланади: сиз сторисни ким кўришини ўзингиз ҳал қиласиз, бошқаларнинг сторисларини ҳам яшириб қўйишингиз мумкин.
Бундан ташқари, сторисда машҳур ижтимоий тармоқлар каби фото ва видеоларни таҳрирлаш, улар устига ёзиш ва бошқаларни белгилаш имкони бўлади. Камерадан фойдаланишда эса Telegram видеохабарлари каби иккита камерани қўллаб-қувватлаш хизмати бўлади.
Ҳикоянинг профилда қолиш муддатини ҳам фойдаланувчининг ўзи белгилайди: ҳикоя 6, 12, 24 ёки 48 соатда тугашини ёки доимий равишда қолишини танлаш мумкин.
Ишлаб чиқарувчиларга кўра, бу функция гуруҳ ва каналлар эгаларига боғланган, фаол фойдаланувчилар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш имкониятини беради.
Ёғоч шаҳар
Швециянинг Atrium Ljungberg компанияси мамлакат пойтахти Стокгольмда дунёдаги энг катта ёғоч шаҳар қуриш режаларини эълон қилди. Қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиши кутилмоқда.








